Ўзбекистонда энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги ташкил этилмоқда
Ўзбекистонда энергетика бозорини тартибга солувчи орган — Вазирлар Маҳкамасига бўйсунадиган Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги ташкил этилмоқда. Бу президентнинг 28 сентябрдаги «Энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган, деб ёзади “Газета” нашри.
Агентликнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- босқичма-босқич электр энергиясининг рақобатбардош улгуржи ва чакана бозорларини яратишни таъминлаш;
- электр энергияси бозорида рақобатни қўллаб-қувватлаш, бозорнинг жозибадорлигини ҳамда талаб ва таклиф мутаносиблигини таъминлаш;
- электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдо бозорлари фаолиятининг барча иштирокчилари учун тенг ҳуқуқлилигини ҳамда рақобатбардошлигини таъминловчи қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
- электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдо бозорларида қатнашчиларнинг рақобат асосидаги фаолиятини лицензиялаш, шунингдек уларнинг лицензия шартларига риоя этишини назорат қилиш;
- 2026 йилдан электр энергиясини етказиб бериш ва тақсимлаш тарифлари ва тўловларини тасдиқлаш;
- электр энергиясини узатиш ва тақсимлашда магистрал ва тақсимловчи электр тармоқларида электр энергиясининг йўл қўйиладиган технологик йўқотишлари меъёрларини тасдиқлаш;
- бозор конъюнктураси ва энергия ресурсларига бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтиришни режалаштириш ва инфратузилмани яратишга қаратилган узоқ муддатли инвестиция сиёсатини шакллантириш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;
- энергетика соҳасида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширишда маҳаллий товарлар ва хизматларни харид қилишни рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш.
Агентлик томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлар вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар ва бошқа ташкилотлар, шунингдек мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.
Агентлик фаолияти тўғрисидаги низомни 2024 йил 1 январгача ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига агентлик билан биргаликда 2024 йил 1 февралга қадар халқаро молия институтларининг техник кўмагида халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда электр энергияси тарифларини белгилашнинг янги методологиясини ишлаб чиқиш ва ҳукуматга тасдиқлаш учун киритиш топширилди.
Шарҳлар