Ўзбекистонда юк вагонларини ишлаб чиқарувчи завод қурилади
Тошкент шаҳрида Саноат энергетика гуруҳи, “Ғаллаарал Манагемент” компанияси ва Словакиянинг “АЗC Орбис Инвест” саноат гуруҳи ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Словакия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виктор Боретский ҳамда компания раҳбарлари иштирок этди.
Унда томонлар ҳамкорлик ва ушбу имзоланган меморандум доирасида амалга ошириладиган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Ушбу ҳужжатга асосан Жиззах вилоятидаги “Ғаллаорол” махсус саноат зонаси ҳудудида темир йўл юк вагонларини ишлаб чиқарувчи завод қурилади.
«Ушбу лойиҳа компаниямиз ва бутун Ўзбекистон саноати учун муҳим қадамдир. Юк вагонларини ишлаб чиқариш заводи логистика инфратузилмасини сезиларли даражада яхшилайди ва транспорт операциялари самарадорлигини оширади», –деди Саноат энергетика гуруҳи бош директори Тўлқин Юсупов.
Ушбу қуриладиган завод вагон-цистерналар, хопперлар, яримвагонлар ҳамда ёпиқ вагонлари сингари ҳар хил турдаги вагонларни ишлаб чиқариш бўйича тўлиқ линияга эга бўлади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 2 мингга яқин вагонни ташкил этади. Бундай имконият Ўзбекистон логистика тизими ривожида муҳим аҳамиятга эга.
Словакиянинг “АЗC Орбис Инвест” саноат гуруҳи ишлаб чиқаришни муваффақиятли ишга тушириш ва йўлга қўйиш учун зарур бўлган техник тажриба ва технологияларни тақдим этади. Янги завод ҳудуднинг саноат салоҳиятини ривожлантириш ва мамлакат логистика инфратузилмасини яхшилашга хизмат қилади.
Шарҳлар