Ўзбекистонда кўп хотинликни тарғиб қилганлик учун жарима жорий этилади
Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши бўйича қонунни имзолади. Бу ҳақда “Газета” нашри ёзади.
Адлия вазирлигининг қайд этишича, ушбу ҳужжат билан икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Ўзгартиришга кўра:
- Никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 млн 950 минг сўмдан 9 млн 900 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
- Икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, шунингдек, бундай хатти-ҳаракатларни рағбатлантириш эса БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 млн 950 минг сўмдан 9 млн 900 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Шунингдек, жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлиш БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 4 млн 950 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бунда қуйидагилар мустасно:
- тиббий кўрсатмага асосан ёки йўл-транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган махсус бош кийимда бўлиш;
- меҳнат ва хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолларда юзини тўсган ҳолда бўлиш;
- спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш вақтида ушбу тадбирлар иштирокчиларининг юзини тўсган ҳолда бўлиш;
- қонунчиликда тўғридан-тўғри рухсат этилган бошқа ҳолатларда юзини тўсган ҳолда бўлиш.
Жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш, шу жумладан, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, худди шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни омма олдида оқлаш ва (ёки) рағбатлантириш БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 6 млн 600 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Юқоридагиларни назарда тутувчи қонун сентябрь ойида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинганди.
Шарҳлар