Ўзбекистонда кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун биринчи аудиокитоблар онлайн кутубхонаси иш бошлади

Наушники
Фото: freepik.com

30-ноябрь куни Ёшлар ишлари агентлиги Пресс клуби залида кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва бепул аудиокитобларнинг биринчи онлайн кутубхонаси “Kitob Plus” лойиҳасининг гибрид форматдаги тақдимоти бўлиб ўтади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 70 мингдан ортиқ кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар бўлиб, улар ҳар куни ахборотдан фойдаланиш ва махсус технологияларнинг етишмаслиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда. “Гапирувчи” китоблар – аудиокитоблар — кўзи ожиз ва заиф кўрувчи инсонлар ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистонда аудиокитоблар бозори босқичма-босқич ривожлана бошлаганига ва аудиокитобларни тинглаш учун турли мобил иловалар ишлаб чиқилаётганига қарамай, мавжуд аудиокитоб платформалари қимматлиги ва кўзи ожизлар эҳтиёжларига мослаштирилмаганлиги сабабли кўриш бўйича ногиронлиги бор кўплаб одамлар учун улардан фойдаланишга турли хил тўсиқлар бор. Шу пайтгача кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун аудиокитобларни очиқ ва қулай форматларда бирлаштирган ягона онлайн платформа мавжуд эмас эди.

Ушбу муаммоларнинг инновацион ва инклюзив ечими сифатида Тошкент Шаҳар “ШАРОИТ ПЛЮС” ногиронлар жамоат бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлигининг молиявий кўмагида кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун аудиокитоблар онлайн кутубхонасини ишлаб чиқиш бўйича “Kitob Plus” лойиҳасини ташкил этди. Лойиҳадан кўзланган мақсад – Ўзбекистондаги кўриш бўйича ногиронлиги бор шахслар учун барча аудиокитоблар, радио спектакллар ва бошқа аудио материалларни бир жойда жамлайдиган, қулай ва бепул веб-сайт ва унинг Китоб Плус мобил иловасини яратишдан иборат. Лойиҳанинг дастлабки босқичларида бугунги кунда кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун камида 500 та аудио китоб ва 300 та радио спектакль тақдим этилади.

Тақдимот 2023-йил 30-ноябрь соат 14:00 дан 16:00 гача Ёшлар ишлари агентлигининг пресс-клуб залида (Манзил: Тошкент ш., Алишер Навоий кўчаси, 11А) гибрид форматда (YouTube’да жонли эфирда) бўлиб ўтади). Тадбирнинг асосий тиллари: ўзбек ва рус. Лойиҳа тақдимотида иштирок этиш учун қуйидагилар таклиф этилади:

● маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, шунингдек, блогерлар;
● кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар, уларнинг оила аъзолари ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифодаловчи жамоат ташкилотлари;
● таълим, ахборот технологиялари ва кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи давлат органлари вакиллари;
● ҳамкорлар ва “Китоб Плус” лойиҳасини қўллаб-қувватлашдан манфаатдор бизнес вакиллари.

Офлайн шакилда қатнашиш учун қуйидаги телефонлар орқали олдиндан рўйхатдан ўтиш керак: +998 (97) 708-73-31, +998 (99) 831-69-83.

Лойиҳа ва тақдимот ҳақида

Шунингдек, лойиҳа Ўзбекистон томонидан 2022-йил 13-январда имзоланган Марракеш шартномаси доирасида кўзи ожиз ёки бошқа ногиронлиги бўлган шахслар учун аудиокитоблардан фойдаланиш имкониятини оширишни режалаштирмоқда. Мазкур халқаро шартнома қоидалари аудиокитобларни муаллифнинг розилигисиз ва унга ҳеч қандай ҳақ тўламасдан “Kitob Plus”га жойлаштириш ҳамда уларни кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фойдаланувчиларга тақдим этиш имконини беради.
Тадбир давомида лойиҳа раҳбари Мирали Ғиёсов ва лойиҳа координатори Абдулазиз Салимов “Kitob Plus” платформасининг дастлабки контенти – ушбу лойиҳа учун махсус ёзиб олинган ўзбек тилидаги 105 та илмий, бадиий, ҳужжатли, оммабоп ва бошқа аудиокитобларни намойиш этади.

Лойиҳани амалга оширишга 1997-йилдан буён кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш соҳасида ИТ-тизимларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан шуғулланиб келаётган “ЛОГОС” биринчи халқаро онлайн кутубхонасининг техник мутахассислари жалб этилди. Лойиҳа тақдимотида ЛОГОС бош директори Михаил Корнеев Китоб Плус янги комплекс кутубхона экотизимининг техник имкониятларини намойиш этади.
Тадбирда Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси каби лойиҳанинг дастлабки ҳамкорлари, Ўзбекистонда ривожланаётган аудиокитоблар бозори тадбиркорлари ва тегишли давлат органлари, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.

Тадбир ташкилотчиси

Тошкент шаҳар “ШАРОИТ ПЛЮС” ногиронлар жамоат бирлашмаси 2016-йилда ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилоти. Ташкилотнинг вазифаси барча ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг оилалари учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишлари учун тўсиқсиз ва инклюзив жамият яратишдир. ШАРОИТ ПЛЮС турли шаклдаги ногиронлиги бор инсонларга ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатади ва ташкилотларнинг инклюзив бўлишига ёрдам беради. Ташкилот веб-сайти: www.sharoitplus.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.