Ўзбекистонда кичик авиацияни ривожлантириш режалаштирилмоқда
Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан кичик авиацияга оид хорижий тажриба ва мазкур йўналишнинг иқтисодий ўсишга таъсири ўрганилган ҳолда йўналишни ривожлантиришга доир бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди.
Кичик авиация максимал учиш оғирлиги 495 кгдан 8 600 килограммгача бўлган ва йўловчилар сони 19 тадан ошмайдиган енгил самолётларни, шунингдек дельтаплан, планер ва ҳаво шарларини ўз ичига олади. Мазкур тармоқдан туризм, қишлоқ хўжалиги, спорт, логистика, атроф-муҳит мониторинги, аэрофото– ва видеотасвирга олиш, геология-қидирув ва бошқа мақсадларда фаол фойдаланилади.
Хорижий тажриба таҳлили
АҚШда кичик авиация соҳасида 500 минг киши фаолият юритади, шулардан 300 мингга яқини хусусий учувчи гувоҳномасига эга. Учиш аппаратлари сони ҳам тахминан 300 минг атрофида, мамлакатдаги аэропорт ва аэродромлар сони эса жами 13 514 тани ташкил этади. АҚШдаги фермерлар қишлоқ хўжалиги мақсадларида 20 мингдан ортиқ кичик самолётлардан фойдаланадилар. 2018 йилда қабул қилинган “Кичик авиация тўғрисида”ги Қонун кичик самолёт ва вертолётлар эгалари учун кўплаб тартиб-таомилларни соддалаштирди. Мазкур қонун билан консультатив ва тартибга солувчи органлар ташкил этилиб, сертификация тизими ва парвозлар хавфсизлиги сезиларли даражада такомиллаштирилди. Кичик авиация хизматлари бозорининг ҳажми йилига 50 млрд доллар атрофида баҳоланиб, соҳадан келиб тушадиган солиқ тушумлари ҳар йили 4 млрд долларни ташкил этади.
Россияда 3 359 та кичик авиация аппаратлари ва 2 минг нафар учувчилар рўйхатга олинган бўлиб, 226 та аэропорт ва 5 та вертолётдромлар фаолият юритади. Шунингдек Россияда қиймати 7,6 млрд доллар бўлган Кичик ва ҳудудий авиацияни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилмоқда. Ушбу дастур ички авиалиниялар тармоғини кенгайтириш, ҳудудий авиакомпаниялар ташкил қилиш ва авиакомпаниялар ва аэропортларга бўлган молиявий юкни камайтиришга қаратилган.
Қозоғистонда 300 дан ортиқ самолёт паркига эга 60 та кичик авиация ташкилотлари мавжуд бўлиб, уларда 200 дан ортиқ авиация мутахассислари ишлайди. Шу билан бирга мамлакатда 24 та аэропорт ва 5 та вертодромлар мавжуд. Қозоғистонда жамоатчилик иштирокида кичик авиация фаолиятини тартибга солиш мақсадида Кичик авиация уюшмаси ташкил этилган. Уюшмада учувчилар ва бошқа техник мутахассисларни тайёрлайдиган авиация ўқув марказлари ва авиация техник марказлари мавжуд.
Ўзбекистондаги вазият
Республикада 18 та аэропорт мавжуд. Бироқ, кичик авиация соҳасида рўйхатдан ўтказиш, сертификатлаш, операцион фаолият ва техник хизмат кўрсатиш билан боғлиқ масалаларни комплекс тарибга солиш тизими мавжуд эмас. Шунингдек хусусий учувчилар ва авиация соҳаси ходимларини тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизими йўқ.
Ўзбекистонда 2025 йилга қадар кичик авиацияни ривожлантиришга доир таклифлар
Ўзбекистонда 2025 йилга қадар кичик авиацияни ривожлантириш учун хорижий тажрибани пухта ўрганиш лозим. Бу АҚШ, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда кичик авиациянинг иқтисодий ўсишга бўлган таъсирини ўрганишни ўз ичига олади. Мазкур мамлакатлар тажрибасидан олинган сабоқлар Ўзбекистонда кичик авиация соҳаси ривожини жадаллаштиришга ёрдам беради.
Шунингдек, жорий Ҳаво кодексини қайта кўриб чиқиш ҳамда кичик авиация соҳасида смарали норматив-ҳуқуқий базани яратиш мақсадида янги норматив ҳужжатлар ишлаб чиқиш лозим. Бу тармоқнинг хавфсизлигини ва самарали фаолиятини таъминлайдиган аниқ қоида ва тартиб-таомиллар ўрнатиш имконини беради.
Кичик авиация инфратузилмасини ривожлантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга масала ҳисобланади. Янги аэродром ва вертодромлар қурилиши транспорт имкониятларини ошириб, мамлакатнинг алоҳида ҳудудларини асосий иқтисодий марказлар билан боғлайди.
Шунингдек, кичик авиациянинг муқобил турлари, шу жумладан дельтапланлар, планерлар, ҳаво шарларининг йўлга қўйилишини қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқдир. Авиациянинг мазкур турлари туризм, спорт ва бошқа соҳаларда кенг қўлланилиши мумкин.
Авиация соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш тизимини шакллантириш ҳам муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Учувчилар ва техник ходимларни ўқитиш таълим дастурларини яратиш орқали ўсиб бораётган кичик авиация соҳасини малакали кадрлар сонини ошириш мумкин бўлади.
Кичик авиацияни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини белгилаш, солиқ юкини камайтириш ва бюджет томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари соҳа корхонларига янада рақобатбардош ва барқарор фаолият юритишларига ёрдам беради.
Соҳани самарали бошқариш учун рўйхатдан ўтказиш, сертификатлаш, эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш тизимини белгилаш, шу жумладан кичик аэродромлар ва вертолётдромларни очиш ва ишлатиш бўйича табақалаштирилган тизимни жорий этиш мумкин.
Бундан ташқари, кичик авиация соҳасида самарали давлат назорати тизимини жорий этиш зарур. Бу барча меъёр ва стандартларга риоя қилинишини, шунингдек хавфсизлик ва хизматлар сифати юқори даражада бўлишини таъминлайди, дея хулоса қилади агентлик.
Шарҳлар