Ўзбекистонда офшор компанияларга якуний бенефициарлар ҳақидаги ахборотни ошкор этиш мажбурияти юкланиши мумкин
Адлия вазирлиги томонидан “Охирги бенефициар мулкдорлар ягона давлат реестри тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига вазирлик маълум қилди.
Бенефициар мақомига аниқлик киритиш зарур
Ҳозирги кунда бенефициарларни деярли барча соҳаларда, масалан, молия, иқтисод, банк, ҳуқуқ ва бошқа соҳаларда учратиш мумкин. Умуман олганда, бенефициар деганда бу муайян ҳаракатлар натижасида даромад (наф) олувчи шахс тушунилади. Кичик тадбиркорлик субъектларининг бенефициарларини аниқлаш муаммо туғдирмайди, аммо ташкилот йириклашгани сайин унга ҳақиқий эгалик қилувчи шахслар бир неча даражаларга тақсимланиб кетади ва илдизлари ҳатто мамлакат чегараларидан ташқарисига (офшор зоналаригача) чиқиб кетади. Йирик компаниялар бенефициарларини аниқлаш мураккаб жараён бўлиб, бу вазифа нафақат фискал органлар, балки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларнинг “бош оғриғи” ҳисобланади.
Тадбиркорлик субъектларининг бенефициарларга оид маълумотларни очиқлаш зарурияти коррупцияга қарши курашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш
ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишни самарали ташкил этиш билан изоҳланади.
Миллий қонунчиликда бенефициарга оид масалалар қонун даражасида 4 та ҳужжатда белгиланган, масалан, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун. Қонуности ҳужжатларда эса мазкур масала 100 га яқин ҳужжатда учрайди.
Бироқ, мазкур ҳужжатларда бенефициар тушунчасига нисбатан аниқ мезонлар белгиланмаган. Келтирилган таърифлар умумий бўлиб, халқаро стандартларда белгиланган 25 фоиз эгалик (назорат) қилиш, яъни энг асосий элементи кўрсатилмаган. Натижада бир дона акцияга эга бўлган ёки компаниянинг кичик бўлими фаолиятини назорат қилаётган ҳар қандай шахс бенефициар сафига киритиш мумкин. Бу ҳолат бенефициарларга оид таърифни янада ойдинлаштиришни тақозо этади.
Нима таклиф этилмоқда
Адлия вазирлиги томонидан “Охирги бенефициар мулкдорлар ягона давлат реестри тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда “охирги бенефициар мулкдор” тушунчасининг аниқ мезонлари, охирги бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилмайдиган ташкилот ва корхоналар белгиланмоқда. Айрим тадбиркорлик субъектларига (асосан оффшор зоналар ва чет эллик элементи мавжуд тадбиркорлик субъектлари) ўзларининг охирги бенефициар мулкдорларини ошкор қилиш мажбурияти юкланмоқда.
Энг асосий масала барча учун очиқ бўлган охирги бенефициар мулкдорлар ягона давлат реестрини шакллантириш таклиф этилмоқда. Ундаги маълумотларни камида ҳар чоракда янгилаш назарда тутилмоқда. Шунингдек, реестрда ёпиқ турдаги маълумотлар (шахсга доир маълумот) ҳам бўлиши назарда тутилмоқда.
Халқаро тажриба
Пул ювиш, террористик ташкилотларни молиялаштириш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш Европа Иттифоқи курашаётган асосий муаммолар эканлигидан келиб чиқиб, 2015 йилда Европа Иттифоқининг пул ювишга қарши тўртинчи директиваси (Fourth EU Anti-Money Laundering Directive) қабул қилинган. Унга кўра, ҳар бир мамлакат компанияларнинг бенефициарлари тўғрисида керакли маълумотларни ўз ичига олган марказлаштирилган маълумотлар базасини (бенефициарларнинг ягона реестри) юритишлари лозим.
Охирги бенефициарлар масаласини тартибга солмаслик Ўзбекистоннинг турли “кулранг”, “қора” рўйхатларга тушишига олиб келиши ва халқаро бозорларга чиқишига тўсқинлик қилиши мумкин.
Масалан, халкаро ташкилот – Пул ювишга қарши курашиш молиявий чоралар ишлаб чиқиш гуруҳининг (FATF) қора рўйхатида КХДР ва Эрон туради. Шунингдек, 18 та давлат кулранг рўйхатда туради, булар Албания, Багама, Барбадос, Ботсвана, Гана, Зимбабве, Яман, Исландия, Камбоджа, Маврикий, Монголия, Мьянма, Никарагуа, Покистан, Панама, Сурия, Уганда, Ямайка. Ўзбекистон оқ рўйхатда жойлашган.
АҚШда бенефициар деганда компанияга камида 25 фоиз эгалик қилувчи ёки унинг фаолиятини жиддий назорат қилувчи жисмоний шахс тушунилади. Бенефициарлар тўғрисидаги маълумотлар компания рўйхатдан ўтиш жараёнида очиқланиши шарт, амалдаги компаниялар эса кейинги 2 йил ичида мазкур маълумотларни тақдим этишлари лозим бўлади. Маълумотлар бир йилда камида 1 марта янгиланиши лозим. Бенефициарга оид маълумотлар ўз ичига одатда унинг туғилган санаси, яшаш манзили ва идентификация ҳужжатини олади.
Буюк Британия Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида биринчи бўлиб, бенефициарларнинг реестрини юритиш амалиётини жорий этди. 2015 йилда қабул қилинган “Кичик бизнес, тадбиркорлик ва меҳнат муносабатлари тўғрисида”ги қонунга кўра, жиддий назорат қилувчи шахслар реестри (Register of people with significant control) юритилиши талаб этилади.
2019 йил 1 сентябрдан Люксембург бенефициарларга оид очиқ реестрни (Registre des Beneficiairies Effectifs) яратиб, фойдаланишга топширган. Мазкур реестрга истаган шахс кириб, хоҳлаган компания ҳақида бепул маълумот олиши мумкин.
Лойиҳа қабул қилиниши мамлакатда бизнес муҳитини ривожланган давлатлар стандартлари даражасига олиб чиқишга, коррупцияга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишни кучайтиришга, шунингдек, соҳада жамоатчилик назоратини такомиллаштиришга кучли пойдевор яратади.
Шарҳлар