Ўзбекистонда психология соҳасида ноқонуний фаолият олиб борганлик учун жарималар жорий этилади

Фото: гуманитарий

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди, дея хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг матбуот хизмати.

Ҳужжат Ўзбекистон аҳолисига психологик ёрдам кўрсатишни ҳуқуқий тартибга солишни, жумладан, психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий тушунчалари мазмунини, психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий тамойиллари, вазифалари, турлари, шакллари ва стандартларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашни назарда тутади.

Психологик ёрдам кўрсатиш стандартлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши, психологик ёрдам кўрсатувчи юридик шахс раҳбари эса психология соҳасида олий маълумотга эга бўлиши шарт, дейилади хабарда.

Шунингдек, психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, бепул психологик ёрдам олувчи шахслар тоифаларини аниқлаштириш, психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги касб-ҳунар бирлашмалари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш кўзда тутилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс психологик ёрдам кўрсатиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қоидалар билан тўлдирилди.

Бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан психологик ёрдам кўрсатиш ёки психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларга риоя қилмаслик фуқароларга 5 дан 10 БҲМгача (1,7 млн сўмдан 3,4 млн сўмгача), мансабдор шахслар учун – 10 дан 15 БҲМгача (3,4 млн сўмдан 5,1 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ ишларни жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқиш таклиф этилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.