Ўзбекистонда рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жазо кучайтирилди

Источник: unsplash.com

“Рақобат тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди, дея хабар беради Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм-канали.

Қонунга бир қатор янги, жумладан, монополияга қарши комплаенс тушунчаси киритилди. Унга кўра, монополияга қарши комплаенс фаолиятнинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш, уларнинг бузилиши хатарларини аниқлаш ва мазкур хатарларнинг олдини олиш бўйича ички ташкилий тартиб-таомиллар тизимидан иборат.

Монополияга қарши комплаенс мажбурий тартибда: республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларда; товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларда; охирги 3 йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг ўртача йиллик миқдори БҲМнинг 100 минг бараваридан ошадиган ҳамда устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи давлатга тегишли бўлган юридик шахсларда; охирги 3 йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг ўртача йиллик миқдори БҲМнинг 100 минг бараваридан ошадиган ҳамда устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши 50 фоизни ва ундан ортиқни ташкил этадиган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахсларда; юридик шахсларнинг бирлашмаларида жорий этилади.

Ушбу Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киртилган ўзгартиришга кўра:

Рақобат соҳасидаги ваколатли давлат органига ахборот тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд унга била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этганлик:

  • фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 10 бараваригача (990 минг сўмдан 3 млн 300 минг сўмгача);
  • мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 6 млн 600 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (Илгари фуқароларга БҲМнинг 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваригача жарима қўлланилган).

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахси томонидан хомашё, товарлар эркин ҳаракатланишини ва реализация қилинишини ҳамда хизматлар кўрсатилишини қонунга хилоф равишда чеклаш:

  • БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача (9 млн 900 минг сўмдан 16 млн 500 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялашни амалга ошириш, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш ёки махсус электрон тизим воситасида хабарномаларни қабул қилиш ваколатлари ёки рўйхатга олиш ёхуд аккредитациядан ўтказиш ваколатлари берилган давлат унитар корхоналари ёки муассасалари ёхуд юридик шахсларнинг бирлашмалари томонидан рақобатни чеклайдиган қарорлар қабул қилиш:

  • БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача (9 млн 900 минг сўмдан 16 млн 500 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Илгари бундай нормалар мавжуд эмас эди, дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.