Ўзбекистонда қўриқхона ҳудудига пластик олиб кириш, сотиш ва ишлаб чиқариш тақиқланади

Фото: woyager.uz

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва дам олиш учун мўлжалланган ҳудудларда, шунингдек, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда бир марта ишлатиладиган пластмасса буюмларни (табиий органик полимерлардан тайёрланган маҳсулотлардан ташқари) олиб кириш, сотиш ва ишлаб чиқаришни тақиқлаш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳасини кўриб чиқиш учун киритди.

Бу “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган.

Қонунга кўра, бундай ҳуқуқбузарлик учун фуқароларга 2 БҲМ дан 5 БҲМ гача (660 минг сўмдан 1 миллион 650 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса 5 БҲМ дан 10 БҲМ гача (1 миллион 650 минг сўмдан 3 млн 300 минг сўмгача) жарима солиниши мумкин.

Қонунбузарлик такроран содир этилган тақдирда, фуқаролар 10-15 БҲМ  (3 миллион 300 минг сўмдан 4 миллион 950 минг сўмгача), мансабдор шахслар эса 15 БҲМ дан 20 БҲМ гача (4 миллион 950 минг сўмдан 6 миллион 600 минг сўмгача) миқдорда жаримага тортилади.

Катта ҳажмдаги ҳуқуқбузарликни содир этган фуқаролар 20-25 БҲМ (6 миллион 600 минг сўмдан 8 миллион 250 минг сўмгача), мансабдор шахслар эса 25 БҲМ дан 30 БҲМ гача (8 миллион 250 минг сўмдан 9 миллион 900 минг сўмгача) жаримага тортилади.

Қонун 2026 йил 1 июлдан кучга кириши режалаштирилган. Мақсад – чиқиндиларнинг атроф-муҳитга, ерга, сув ва ҳавога зарарли таъсирини камайтириш, атроф-муҳитни тоза сақлашдан иборат.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.