Ўзбекистонда сифатли мактабгача таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича ЮНИСЕФ билан ҳамкорлик келишуви тузилди
15 декабрь куни ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Альберто Биянколи ва мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари, Мактабгача таълим агентлигининг директори Агриппина Шин Ислом тараққиёт банки томонидан қўллаб-қувватланаётган “Ўзбекистон Республикасида сифатли мактабгача таълимдан фойдаланиш имкониятларини ошириш” лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги келишувни имзолади.
Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистонда мактабгача таълим сифатини ошириш ва мактабгача ёшдаги болаларнинг таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат. Тегишли ташкилотлар мактабгача таълим муассасалари, жумладан, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидаги таълим муҳитини яхшилаш бўйича ҳамкорликда иш олиб боради.
Ўзбекистонда мактабгача таълимнинг муқобил моделларини жорий этиш бўйича муваффақиятли тажрибадан сўнг мактабгача таълим муассасаларининг миллий тармоғини кенгайтириш, жумладан, уни хусусий сектор томонидан қўллаб-қувватлаш режалаштирилмоқда. Олис ҳудудларда сув таъминоти сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, санитария ва гигиена масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, педагогларни профессионал ривожлантириш учун 14 та ҳудудий кластерли марказ ташкил қилиниб, тўлиқ жиҳозланади.
Шарҳлар