Ўзбекистонда СОВИД-19 нинг янги штамми аниқландими

Шу кунларда халқаро ва маҳаллий ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда дунёнинг қатор мамлакатлари бўйлаб СОВИД-19нинг ХEC номли янги штамми тарқалаётгани, у келгуси ойларда доминант вариантга айланиши мумкинлиги ҳақида хабарлар эълон қилинмоқда.

Коронавируснинг мазкур мутацияси қанчалик хавфли? У қандай белгилар билан намоён бўлмоқда? Бу касалликка қарши қайси усулларда курашиш лозим? ХEC штамми Ўзбекистонда аниқландими?

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков  бу саволларга қуйидагича муносабат жавоб берди.

— Халқаро экспертлар хулосасига кўра, COVID-19нинг ХEC версияси “омикрон” штаммининг КС.1.1 ҳамда КП.3.3 вариантлари комбинациси сифатида пайдо бўлган ва илк бор шу йил 15-июнда Германияда аниқланган, — дейди мутахассис. — Ҳозиргача у 27 та мамлакатда рўйхатга олинди.

— Маълумки, бугунги кунда дунё бўйлаб “омикрон” штаммининг 10 та версияси «айланиб юрибди». Мутахассислар келаётган қиш мавсумида ХEC версияси доминант, яъни энг кўп қайд этиладиган вариант бўлишини прогноз қилмоқда.

Айтиш жоизки, бу касаллик енгил ва асоратсиз, аниқроғи ЎРВИ ва гриппга хос белгилар билан кечмоқда. Фақат айрим фарқли аломатлари бор. Енгил нафас қисиши, давомли йўтал, таъм ва ҳид билиш қобилияти қисман йўқолиши, ҳолсизлик каби симптомлар шулар жумласидан.

Коронавирусга қарши қўлланиб келинаётган вакциналар ҳозир аниқланаётган барча штаммлар, хусусан, ХEC мутациясига нисбатан ҳам самара беради ва янги эмлаш воситасини ишлаб чиқаришга эҳтиёж йўқ, деб айта оламиз.

Қолаверса, халқаро тиббий амалиётда ХEC штаммини юқтирган беморлар асосан бир-икки ҳафтада тўлиқ тузалиб кетиши кузатилмоқда. Амалдаги даволаш протоколлари, муолажа усуллари кутилганидек натижа беряпти.

Ҳозир Ўзбекистонда ХEC штамми қайд этилгани йўқ. Ўз навбатида, COVID-19га қарши етарли вакциналар захирасига эгамиз. Шу боис юртимизда катта миқёсдаги эпидемия ва пандемиялар кузатилиши эҳтимолдан йироқ. Негаки, аҳолимизда мавжуд бўлган жамоавий иммунитет мазкур касаллик қўзғатувчисини мамлакатимиз ҳудудига кириб келиб, жуда кенг кўламда тарқалиш хавфини сезиларли даражада камайтиради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.