Ўзбекистонда «стелс-омикрон» аниқланди

Источник: euronews

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиевнинг таъкидлашича, республикада ҳам “Omicron” штаммининг “Stealth-Omicron” BA.2 варианти аниқланиб, ҳозирги кунда коронавирус инфекцияси билан касалланишда ушбу штамм учраётгани кузатилмоқда, деб ёзади UzNews нашри.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар марказида вирус геномини ўрганиш (секвенлаш) бўйича ўтказилган таҳлилларда 67 фоизида “Omicron” ва 33 фоизида “Omicron” штаммининг янги мутациядаги “Stealth-Omicron” BA.2 варианти топилган.

Баҳодир Юсупалиевнинг сўзларига кўра, “бугунги кунда мамлакатда коронавирус инфекцияси бўйича вазият барқарор”, бироқ айни пайтда касалланиш яна кучаяётгани қайд этилган.

«Шунинг учун коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ва бустер дозаси билан қайта эмлаш ишларини жадаллаштириш катта аҳамиятга эга», — дейди у.

ЖССТнинг 22 февраль куни эълон қилган баёнотига кўра, янги субвариант «оригинал» BA.1 дан 1,5 баробар тезроқ юқади. Шу билан бирга, ўтган йил охирида аниқланган омикрон штамми аллақачон коронавируснинг энг юқадиган варианти сифатида тан олинган эди. BA.2 сублиниясида аниқланган кўпгина мутациялар BA.1 вариантига мос келади. Бироқ, стелс вариантда спайк-протеин, яъни коронавирус қобиғи оқсилининг саккизта уникал мутацияси мавжуд, унинг юқори ўтказувчанлиги ана шулар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.