Ўзбекистонда тадбиркорлар ва ташкилотлар учун газ ва электр энергиясининг янги тарифлари тасдиқланди
Ўзбекистон ҳукумати 1 октябрдан бошлаб йирик корхоналар, бюджет ташкилотлари, компаниялар ва бошқа юридик шахслар учун электр энергияси ва газ нархини оширмоқда. Аҳоли учун тарифлар ўзгаришсиз қолмоқда.
15 сентябрь куни Бош вазир Абдулла Арипов ёқилғи-энергетика тармоғида бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги қарорни имзолаган бўлиб, унда 1 октябрдан юридик шахслар учун газ ва электр энергияси нархи ошиши белгиланган.
Электр энергиясининг нархи:
I ва II гуруҳ истеъмолчилари — Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ КМК, Ўзбекистон металлургия комбинати ва уларнинг таркибий корхоналари, бюджет ташкилотлари, шунингдек, насос станциялари учун 1 кВт/соат электр энергияси нархи 450 сўмдан 1000 сўмга (2,2 марта) ошади, бошқа юридик шахслар (компаниялар) учун эса — 450 сўмдан 900 сўмгача (2 баравар).
Аҳоли учун 1 кВт·соат электр энергиясининг қиймати 295 сўм даражасида сақланиб қолади.
Овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшайдиган маиший истеъмолчилар учун тариф ҳам ўзгаришсиз қолди — 147,5 сўм этиб белгиланди.
Табиий газ нархлари:
Аҳолига етказиб берилаётган табиий газнинг бир кубометри нархи ҳам ўзгармайди — 380 сўм, суюлтирилган газ тарифи – 1120 сўм.
Газни ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлмаганда, овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун бериладиган газнинг бир кубометри 660 сўм (ўзгаришсиз қолади), иситиш учун — 380 сўм (ўзгаришсиз қолади)) бўлади.
Навоий КМК, Олмалиқ КМК, «Ўзметкомбинат» ва бюджет ташкилотлари учун бир кубометр газ нархи 660 сўмдан 1800 сўмгача (2,7 баравар) оширилади. Бошқа юридик шахслар учун эса нарх 660 сўмдан 1500 сўмгача (2,3 баравар) ошади.
Комиссия фаолияти:
Бош вазир бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси 15 октябрга қадар энергия сарфини оптималлаштириш, йўқотишларни камайтириш ва ишлаб чиқаришнинг энергия самарадорлигини ошириш дастурини тасдиқлаши керак. Шунингдек, 20 октябрга қадар технологик жараёнлар ва моддий ва хомашё сарфи стандартлари, операцион ва ноишлаб чиқариш харажатларини камайтириш дастурини ҳам қабул қилиш топширилган. 1 ноябргача меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва бошқа харажатларни камайтириш ҳисобига маҳсулот таннархини ўртача 8-10 фоизга пасайтиришни назарда тутувчи кўрсаткичларни белгилаш режалаштирилган.
Шунингдек, Комиссия 15 ноябрга қадар 2024 йилда аҳоли хонадонларида электр ва газни тежаш ва улардан самарали фойдаланиш лойиҳаларига имтиёзли ресурсларни жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиши керак.
1 декабрга қадар истеъмолчиларга электр энергияси ва газ етказиб беришда йўқотишларни ҳисоблаш методикасини ишлаб чиқиш, 15 декабрга қадар эса энергетика корхоналари томонидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини оптималлаштириш, уларнинг самарадорлигини ошириш ва инвестиция харажатларини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланиши зарур.
Ҳукумат комиссияси йирик саноат ва инфратузилма объектларини, шу жумладан электр станцияларини узлуксиз ёқилғи билан таъминлашни, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини энергия ресурслари билан таъминлашда юзага келадиган тизимли муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриши шарт.
Шарҳлар