Ўзбекистонда “Термиз – Intermex” халқаро савдо маркази тақдим этилди
Жорий йилнинг 14 октябрь куни пойтахтдаги Tashkent City конгресслар залида “Термиз – Intermex” халқаро савдо марказининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси вакиллари “Термиз-Интермех” халқаро савдо марказининг иқтисодий ва техник салоҳияти, тадбиркорлар учун имконият ва истиқболлар, имтиёз ва преференциялар, ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳақида сўз юритди.
Термиз халқаро савдо маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Сурхондарё вилояти ва Тошкент шаҳридаги махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6109-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган. Марказ республика жанубидаги чегара ҳудудида жойлашганлиги сабабли Ўзбекистоннинг Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари – Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Покистон, Эрон ва бошқа давлатлар билан ташқи савдо ҳажми ва жадаллигини сезиларли даражада оширади.
Бу Ўзбекистон учун ноёб лойиҳа бўлиб, умумий майдони 260 минг квадрат метр бўлган эркин савдо зонаси ҳисобланади, тадбиркорларга товарларни олиб киришда божхона тўловларисиз чакана ва улгуржи савдони амалга ошириш имконини беради.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 июлдаги 409-сон қарорига мувофиқ, Афғонистон фуқаролари ва бошқа хорижий фуқаролар, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар Термиз халқаро савдо маркази ҳудудига киришлари ва Ўзбекистонга кириш визасини расмийлаштирмасдан 10 кун бўлишлари мумкин.
Тадбиркорлар «Интермех» Термиз халқаро савдо марказида қуйидаги лотларни харид қилишлари мумкин:
- Улгуржи ва чакана дўконлар
- Ишлаб чиқариш майдонлари;
- Қуруқ ва совуқ омборлар;
- Логистика маркази зонаси;
- Кўп функцияли тиббий клиника;
- Меҳмонхона ва хостел;
- Ресторан ва умумий овқатланиш зоналари;
- Автосервис ва ёнилғи қуйиш станцияси.
“Intermex”даги бинолар харидорларнинг тўлиқ эгалигига берилади. Бинолар эгалари учун солиқ имтиёзлари мавжуд.
Лойиҳа ҳозирда якунланиш босқичида. Ишга тушириш ишлари 2023 йилнинг биринчи чорагига режалаштирилган. Лойиҳа ишга туширилганидан кейин бир чорак ичида унга Ўзбекистон ва хориждан 1 миллиондан ортиқ ташриф буюрувчиларни жалб қилиш кутилмоқда.
Шарҳлар