Ўзбекистонда Украинага қарши урушда қатнашган фуқаро илк бор қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Фото: freepik.com

Жиноят ишлари бўйича Юқори Чирчиқ туман суди 23 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисда Тошкент вилоятида яшовчи фуқарога нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда “Газета.uz” нашри Олий суд матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.

Суд ушбу фуқарони Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Ёлланиш, яъни … шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши) бўйича айбдор деб топиб, беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Маҳкумнинг исми ва фамилияси кўрсатилмаган, фақат унинг бош ҳарфлари — И. Х., шунингдек, 1985 йилда туғилган, пайвандчи бўлиб ишлагани айтилган.

«Озодлик» радиоси келтирган маълумотларга кўра, сўз Ильдар Хайрулин ҳақида кетмоқда.

“Нашрнинг тергов ҳужжатларига таяниб маълум қилишича, Хайрулин 2014−2015 йилларда Украинада ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР томонида жанг қилган. Далил сифатида тергов, хусусан, Хайрулиннинг Украинанинг «Миротворец» сайтидаги профилини келтирди. Бундан ташқари, терговчилар Хайрулиннинг телефонида унинг айбини тасдиқловчи скриншотлар топилганини даъво қилмоқда”, – дейилади хабарда.

Портрет бўйича экспертизанинг хулосаси «Миротворец» профилидаги фотосуратда ҳарбий кийимда ва қўлида қурол билан тасвирланган шахс ҳақиқатан ҳам Илдар Хайрулин эканлигини тасдиқлади ва профиль эгаси ўз постларида “ҳарбийлар ҳақида маълумот берган”. «Украинадаги операциялар» ва «ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш мақсадида ҳаракатланган», дея қайд этади “Озодлик”.

Маҳкумнинг яқинлари нашр билан суҳбатда бу иш бўйича тергов ва суд жараёнини «асоссиз» деб атаб, ҳукм устидан шикоят қилиш ниятида эканликларини айтишган. Улар Хайрулиннинг Украинадаги урушда қатнашмаганини, у ерга бормагани ва айблов эълон қилинган пайтда Россияда бўлганини даъво қилмоқда.

Маҳкумнинг катта акаси Ленур Давлетшиннинг айтишича, Хайрулин «Миротворец» сайтига жойлаштирилган суратни Татаристон ҳудудида олган ва суратдаги қурол ўқотар эмас, балки пневматик қуролдир.

«Бу суратнинг „Миротворец“ сайтига қандай тушиб қолганини билмайман. Терговда ушбу фотосурат, бир нечта СМС хабарлар ва яна иккита гувоҳнинг кўрсатмалари бор. Илдар бу гувоҳлар билан гаплашмаганини айтди. Гувоҳлардан бири маст ҳолда акам билан гаплашганини тан олди. Иккинчиси эса унинг кўрсатмасидан бутунлай воз кечди», — дея унинг сўзларини келтиради «Озодлик».

Шунингдек, маҳкумнинг акаси Хайрулин 2023 йил май ойида мутлақо бошқа сабаб билан – онасининг мулки билан боғлиқ оилавий низо туфайли ҳибсга олинганини айтади. Унинг сўзларига кўра, ҳибсга олинганидан кейин Илдар деярли уч ой давомида жиноий иш қўзғатилмасдан «Тоштурма»да сақланган. «Ҳеч қандай тергов ёки сўроқ бўлмади», – дейди Ленур Давлетшин, у Хайрулиннинг оиласи ҳукм устидан шикоят қилмоқчи эканлигини қўшимча қилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.