Ўзбекистонда жомадонни қандай эсдалик совғалари билан тўлдириш мумкин?

Фото: uzbekistangid.ru.

Asia-Plus интернет-нашри, албатта, сотиб олиниши керак бўлган ва арзийдиган қизиқарли сувенирлар рўйхатини тузди.

Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш нафақат унинг бой маданияти билан танишиш, балки яқинларингизга ноодатий совғалар олиб келиш учун ажойиб имкониятдир.

Машҳур Марғилон ипаги

Ипак Ўзбекистон шопинг маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Мамлакатнинг бетакрор ипак ҳунармандчилиги нафақат жаҳон миқёсида, балки ЮНEСКО рўйхатида ҳам эътироф этилган.

Марғилондаги “Ёдгорлик” ипак фабрикаси Фарғона вилоятининг чинакам дурдонаси бўлиб, сайёҳларга нафақат ипак маҳсулотларини, балки уларни ҳайратда қолдирувчи яратиш жараёнини томоша қилишни ҳам таклиф этади.

Риштон кулолчилик маҳсулотлари

Ўзбекистон кулолчилиги азалдан ўзининг бетакрор жозибаси билан машҳур бўлиб, бу борада ипакдан қолишмайди.

Тошкентнинг эски қисмида, машҳур Чорсу бозоридан унча узоқ бўлмаган жойда қайта таъмирланган қадимий Каллахона мадрасаси жойлашган бўлиб, унда бугунги кунда Риштон кулолчилик маркази жойлашган. Риштон минг йиллик бой анъаналарга эга бўлган Ўзбекистондаги кулолчилик санъатининг йирик марказларидан бири сифатида танилган.

Чойнак, ликопча, коса, пиёла ва лойдан ясалган ҳайкалчалар яратиладиган Риштон ёки мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги устахоналарга ташриф буюрганингизда шакл ва нақшларнинг ижодий маҳоратига, ранг-баранглигига қойил қолмасдан иложингиз йўқ. Ҳунармандлар ҳар бир маҳсулотга ўз қалби ва маҳоратини бағишлайди.

Чиройли ликопча ёки бутун бир сервиз ажойиб совғага айланади.

Ёғоч буюмлар

Ўзбекистонда ёғоч ўймакорлиги нафақат ҳунармандчилик, балки ҳақиқий санъатга айланган.

Хива, Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона азалдан ўзининг ёғоч ўймакорлиги билан машҳур марказлар бўлган ва ҳозир ҳам шундай.

Бадиий ёғоч ўймакорлиги санъати мамлакат маданий меросида муҳим ўрин тутади. Ҳунармандлар қадим замонлардан бери анъанавий усуллар ёрдамида яратилган маҳсулотлар билан машҳурлик қозонган.

Сизга қизиқарли қутилар, китоблар учун тагликлар, паннолар ёки шахмат тўпламларига эътибор қаратишни маслаҳат берамиз, уларда ноёб нақшларни кўриш мумкин.

Тошкентда ранг-баранг шоперлар ёки футболкалар

Ўзбекистонда замонавий дизайнерлик кийимларини таклиф этувчи кўплаб маҳаллий брендлар мавжуд. Айниқса, ранг-баранг чопонлар ва тўнлардан ташқари, ўзига хос дизайн ва маҳаллий иборалар билан безатилган шоперлар ва футболкалар ҳам ёшлар орасида оммабоп.

Чуст ва ёки Шаҳрихон пичоғи

Энг яхши пичоқлар Ўзбекистоннинг икки шаҳрида – Чуст (Наманган вилояти) ва Шаҳрихон (Андижон вилояти)да тайёрланади.

Эркакларнинг сувенир пичоқдан боши кўкка етади. Чустда қўлда ясалган пичоқлар жуда оммабоп. Бу ерда сиз замонавий совға ғилофларида тақдим этилган ноёб ўйма ва инкрустацияли сувенир пичоқларни харид қилишингиз мумкин.

Кўп йиллар давомида ўткирлигини сақлайдиган ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган ошхона пичоқлари ҳам машҳур.

Сотиб олаётганда, пичоқларни Ўзбекистондан олиб чиқишга рухсат берувчи сертификат олишни унутманг. Самолётда учганда, бу совғани багажга топшириш  керак бўлади, бу эсингиздан чиқмасин.

Самарқанд тут қоғози

Тут дарахтидан тайёрланган Самарқанд қоғози қўл меҳнатини қадрлайдиган ижодий кишилар учун ажойиб совға бўлади. Қадимги усуллар ёрдамида яратилган ушбу материал жуда бардошли ва ҳатто сувдан ҳам қўрқмайди. Ундан откриткалар, хаттотлик ёки суратлар чизиш учун фойдаланиш мумкин.

Ўзбекистондан тўлган жомадон билан уйга қайтганингизда, ўзингиз билан нафақат бу ажойиб мамлакатнинг бир парчасини, балки узоқ вақт ёдда қоладиган таассуротларни ҳам олиб келасиз.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.