Ўзбекистондаги барча ижод мактабларида «Америка бурчаклари» очилади

Источник: посольство США в Узбекистане

“Янги Ўзбекистонда таълим” Халқаро таълим форуми давомида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм ва Президент, ижод ва ихтисослашган мактабларни ривожлантириш агентлигининг директори Ҳилола Умарова таълим соҳасида ҳамкорлик ва бутун Ўзбекистон бўйлаб ижод мактабларида “Америка бурчаклари”ни ташкил этиш бўйича ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумни имзолади. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар беради.

«Америка бурчаклари» – бу АҚШ ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган 600 дан ортиқ очиқ таълим марказларидан иборат глобал тармоқ. Бу таълим марказлари 140 дан зиёд мамлакатда жойлашган бўлиб, улар Қўшма Штатларни дунёнинг бошқа мамлакатлари билан боғлашга чақирилган. Замонавий Америка кутубхоналари намунасида яратилган “Америка бурчаклари” ҳар йили миллионлаб ташриф буюрувчиларни қабул қилади. Энг илғор техника билан жиҳозланган ушбу ҳудудлар Америка маданияти ва АҚШда таълим олиш имкониятлари ҳақида ахборот тақдим этади, шунингдек  Америка адабиёти, фильмлари ва инглиз тилини ўрганиш дастурларидан бепул фойдаланиш имконини беради.

2021 йил март ойида АҚШ элчихонаси Қаршида жойлашган Абдулла Орипов номидаги Ижод мактабида “Америка бурчаги” (ACQ)ни очганди. ACQ ўзининг дастлабки олти ойлик фаолияти давомида инглиз тили кўникмаларини яхшилашдан, Америка маданиятини ўрганиш ва бепул таълим ресурсларидан фойдаланишдан манфаатдор бўлган минглаб ташриф буюрувчиларни қабул қилди.

Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари, АҚШ элчихонаси томонидан шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Америка бурчаклари” ташаббуси доирасида бутун Ўзбекистон бўйлаб камида олтита янги “Америка бурчаги”ни очиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳа АҚШ ҳукуматининг 860 000 АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияларидан ҳамда жойларда шериклик ташкилотлари билан кўп ойлик яқин ҳамкорликдан иборат.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.