Ўзбекистондаги жамоат ташкилотлари ва бизнес вакиллари Украинага биринчи синф ўқувчилари учун 2000 та мактаб тўпламини жўнатди
Украинанинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистонлик хайриячилар Украина болалари учун инсонпарварлик ёрдами жўнатилгани ҳақида хабар берди.
Ёрдам пакетига эркаклар, аёллар ва болалар учун трикотаж буюмлар, шунингдек, биринчи синф ўқувчилари учун рюкзак, дафтар, расм дафтар, рангли қоғозлар, пластилинлар тўплами, қалам, рангли қаламлар, елим, ручка, акварель бўёқлари ва пеналдан иборат 2000 дона тўплам кирган.
Халқаро Украина-Ўзбекистон дўстлиги жамиятининг раҳбари Любомир Башинский юкни қабул қилиб, Закарпат области маъмуриятидаги кўчирилганлар марказига биринчи синф ўқувчилари учун тўпламларни топширди. Улар Харьков, Херсон, Николаев ва Запорожье областларидаги етим болаларга ва кўчирилганларнинг болаларига топширилади.
10,5 тонна кийим-кечак, пойабзал ва тиббий буюмлардан иборат инсонпарварлик ёрдамининг биринчи партияси 18 август куни Украинага жўнатилганди. Юборувчилар анонимлигича қолди.
Украинанинг Тошкентдаги элчиси Николай Дорошенко акция ташаббусчиларига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Шарҳлар