Ўзбекистонга АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси ташриф буюради
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу 4-11 ноябрь кунлари Қозоғистон, Ўзбекистон ва Ҳиндистонга сафар қилади. Ташриф “Сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида бўлиб ўтган муваффақиятли биринчи С5+1 Президент саммити”, шунингдек, октябрь ойида бўлиб ўтадиган минтақавий ҳамкорлик бўйича “С5+1” вазирлар йиғилишига қаратилган. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг матбуот хизмати хабар беради.
Сафарнинг илк пункти Қозоғистон бўлади, шундан сўнг Лу Тошкентга боради ва у ерда АҚШ-Ўзбекистон стратегик шериклик мулоқоти йиғилишида Америка делегациясига бошчилик қилади. Ташриф чоғида Давлат котиби ёрдамчиси Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан учрашиб, икки давлатнинг хавфсизлик соҳасидаги шериклигини кенгайтириш, минтақавий муаммоларни ҳал этиш, халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо ва сармояни диверсификация қилиш масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Лу инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланувчи маҳаллий фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашиши режалаштирилган. Давлат департаментининг қайд этишича, АҚШ делегацияси мамлакатнинг Қозоғистон ва Ўзбекистон суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Шарҳлар