Ўзбекистонга олиб кирилган янги телефонларни мажбурий декларациялаш жорий қилинмоқда
Вазирлар Маҳкамасининг 26 октябрдаги қарори билан Ўзбекистонга божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди. Ҳукуматнинг 2018 йил 22 июндаги қарори билан маиший техника, телефонлар ва бошқа товарларнинг умумий қийматига қараб бож тўланмайдиган нормалари белгиланган. Унга кўра, жисмоний шахслар ҳар 6 ойда фақат битта телефон аппарати, шу жумладан, қўл телефонини божсиз олиб киришлари мумкин эди. Бу ҳақда “Газета” нашри ёзади.
2024 йил 28 январдан кучга кирадиган ўзгартиришларга кўра, жисмоний шахслар ҳар сафар чегарадан ўтганларида 2 та телефон аппаратини, шу жумладан, мобил алоқа модулига эга бўлган мобил телефонлар ва қурилмаларни божсиз олиб киришлари мумкин бўлади. Шу билан бирга, аэропорт орқали олиб кирилаётганда битта ёки иккита телефоннинг умумий суммаси 2000 доллардан ошмаслиги керак. Агар сумма шартли равишда 2300 доллар бўлса, у ҳолда 300 долларга 30 фоиз бож қўлланилади.
Ушбу тузатишлар халқаро курьерлик жўнатмалари орқали келган товарларга тааллуқли эмас, яъни жисмоний шахслар ҳар чоракда 1000 долларлик товарларни сотиб олишлари мумкин бўлади.
Шу билан бирга, янги телефонларни олиб киришда мажбурий декларация жорий этилмоқда, яъни уларни олиб кирувчи фуқаролар «қизил» йўлак бўйлаб чегарадан ўтиб, божхоначилар орқали декларация тўлдиришлари шарт. Аввалроқ Рақамли технологиялар вазирлиги декларациялаш мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизимига интеграция қилиниши ва улар томонидан қонуний олиб кирилишига асос бўлишнини қайд этганди.
«Бу билан ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олди олинишига эришилади. Бунинг натижасида фуқаролар ўзи билан олиб кирган қўшимча иккинчи мобил қурилмани UzIMEI тизимида муаммосиз рўйхатдан ўтказиши мумкин бўлади», — дейилади вазирлик хабарида.
Шарҳлар