Ўзбекистонни обрўсизлантиргани учун чет эл фуқаролари мамлакатдан чиқариб юборилади

фото: mintrans.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасида хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритувчи қонунни имзолади.

Ҳужжатга кўра, ўзгартишлар Ўзбекистон суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига зид бўлган, адоватни қўзғатувчи ёки Ўзбекистон шаъни, қадр-қиммати ва тарихини обрўсизлантирадиган оммавий чақириқлар ёки ҳаракатлар содир этган хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни “Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топилган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг рўйхатига киритишни кўзда тутади.

Рўйхат Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан юритилади. Мазкур рўйхатга киритиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши, Сенати Кенгаши, махсус ваколатли давлат органларининг таклифига асосан амалга оширилади.

Рўйхатга киритилган фуқароларнинг мамлакатга кириши тақиқланади. Шунингдек, уларга банк ҳисоб рақамлари очиш, Ўзбекистонда кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиш тақиқланади, уларга тегишли бўлган мол-мулк бундан мустасно.

Чет эл фуқаросининг ушбу рўйхатда бўлиш муддати – беш йил. Агар ушбу рўйхатга киритиш учун асослар бартараф этилмаса, муддат беш йилга узайтирилади.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.