Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида дайди ҳайвонлар учун бошпаналар қурилади
2024 йил сентябрь ойига қадар республиканинг ҳар бир ҳудудида дайди ҳайвонларни парвариш қилиш учун бошпаналар очиш режалаштирилган. Бу 2024 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасида белгиланган.
14 та ҳудудда эгасиз ҳайвонлар сақланадиган ва парвариш қилинадиган бошпаналарни яратиш учун ер участкалари ажратилади. Эгасиз ҳайвонлар учун бошпаналарни қуриш 2024 йил сентябрида якунланади.
Электрон аукцион платформасида бошпаналарни яратиш бўйича қурилиш ишларини бажариш учун танлов эълон қилинади.
Таъкидлаш жоизки, Давлат дастурининг глобал мақсади доирасида республика ҳудудларида бошпаналарни қуриш ташаббуси – инсон ҳаётига таъсир этувчи экологик муаммоларни бартараф этишга эришиш доирасида белгилаб берилди.
Лойиҳани амалга ошириш учун масъул бошқармалар: Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари. Молиялаштириш маҳаллий бюджет ва Экология жамғармаси ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистонда бошпаналарни қуриш лойиҳасига Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги раҳбари Азиз Абдуҳакимов ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобиловлар раҳбарлик қилади.
Шарҳлар