Ўзбекистоннинг Ipak Yo‘li Banki россияликлар ҳисобларига хизмат кўрсатиш шартларини кучайтирди

Фото: Ипак йули банк

Ўзбекистоннинг Ipak Yo‘li Banki россиялик мижозларга хабар юбориб, банк хизматларидан фойдаланишни давом эттириш учун жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)ни тақдим этишни сўраган. Бу ҳақда “РБК” мижозларга келган хабарга ва банк кўмак хизмати вакилига таяниб хабар берди.

Кўмак хизматидан маълум қилинишича, ЖШШИРни олиш ҳақидаги талаблар Ўзбекистон Марказий банкининг 2023 йил 8 февралдаги йўриқномасига мувофиқ белгиланган. Резидент ва норезидент бўлган жисмоний шахслар учун депозит ҳисоблар, йўриқномага кўра, банклар томонидан ЖШШИР асосида очилиши керак.

Банкда аниқлик киритишларича, Ipak Yo‘li Banki карталари ёрдамида товар ва хизматлар учун тўлов қилишда, бошқа тармоқда нақд пул ечиб олишда ва карталар ўртасидаги ўтказмаларда ЖШШИР талаб этилмайди. Банк мижозларидан бирининг айтишича, ЖШШИРни юбориш ҳақидаги хабар фақат 27 февраль куни келган. Банк сайтига жойланган хабарда чет элликлар ЖШШИРни Ўзбекистонда паспорт столида ёки Давлат хизматлари марказида олиши мумкинлиги айтилган. Бунинг учун паспорт, шунингдек, вақтинчалик рўйхатдан ўтиш керак бўлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.