Ўзбекистоннинг янги элчиси Латвия президентига ишонч ёрлиқларини топширди
17 июнь куни Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчиси Тимур Раҳмонов мамлакат президенти Эдгарс Ринкевичга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар беради.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Латвия президенти Рига ва Тошкент ўртасидаги сиёсий мулоқот ва икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳолатини юқори баҳолади. У 2023 йил охирига келиб Ўзбекистон Латвиянинг энг йирик савдо-иқтисодий шерикларидан бирига айланганини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак баҳоланиб, уларнинг натижалари Европа Иттифоқининг барча давлатлари томонидан мамнуният билан қабул қилинаётгани таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, 13 март куни Тимур Раҳмонов Ўзбекистоннинг янги элчиси сифатида Латвия пойтахтига келган эди. У Ригадаги қароргоҳи билан Ўзбекистоннинг Латвиядаги (2019–2024) ва ўриндошлик асосида Литва (2021–2024), Финляндия (2020–2024) ва Эстонияда (2020–2024) элчи бўлиб ишлаган Қадамбай Султонов ўрнига тайинланди.
Шарҳлар