Ўзбекистоннинг электр энергетикаси соҳасини модернизация қилишга Жаҳон банки томонидан 380 млн доллар кредит ажратилади

Источник: Всемирный банк

Жаҳон банкининг ижрочи директорлар кенгаши “Электр энергетикаси тармоғини трансформация қилиш ва электр энергиясини барқарор узатиш” лойиҳасини маъқуллади. Лойиҳа бутун мамлакат бўйлаб миллионлаб уй хўжаликлари ва корхоналарни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ фаолияти самарадорлигини оширади. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига банк ваколатхонасининг матбуот хизмати хабар беради.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси 380 миллион доллар, ва Яшил иқлим фонди (ЙИФ) 43 миллион доллар кредит ажратади. Ушбу маблағлар Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоиз ставкаларида тақдим этилади ва тўловнинг энг узоқ муддати 40 йилгача бўлади. Шунингдек, ЙИФ лойиҳа доирасидаги алоҳида тадбирлар учун 4 миллион доллар миқдорида грант ҳам ажратади.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг устувор инвестицияларини молиялаштириш орқали лойиҳа шунингдек эскирган энергетика инфратузилмаларини модернизация қилишга ёрдам беради. Лойиҳа фаолияти, жумладан, Ўзбекистоннинг 11 та ҳудудида 22 та эскирган юқори кучланишли кичик станцияни реконструкция қилиш, модернизация қилиш ва кенгайтиришни, шунингдек 500 киловаттлик янги кичик станцияни ва электр узатиш линияларини қуришни ўз ичига олган.

«Ушбу трансформацион характерга эга бўлган янги лойиҳа ҳукуматга электр энергетикаси тармоғининг самарали ишлаши ва ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради. Лойиҳа «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖни замонавий тижорат компаниясига айлантириш ва электр энергиясини узатиш тизимларини модернизация қилишни жадаллаштиради. Ушбу чора-тадбирлар электр энергиясининг 32 миллионга яқин истеъмолчига ишончли етказиб берилишини таъминлайди ва қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш бўйича янги йирик лойиҳаларни электр тармоқларига улаш имконини беради», – дя қайд этади Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.

Электр энергиясини узатиш тизимини мониторинг қилиш, бошқариш ва эксплутация қилиш жараёнларини такомиллаштириш мақсадида лойиҳа доирасида замонавий рақамли ва телекоммуникация технологиялари ва ечимлари жорий этилади. Уларга диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш учун янги дастурий-аппарат мажмуаси (SCADA), шунингдек, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ марказий ва ҳудудий диспетчерлик марказлари учун электр энергиясини бошқариш тизимини (EMS) яратиш киради. Лойиҳалаш доирасидаги чора-тадбирлар Совет Иттифоқидан бери ишлатиб келинаётган эскирган тизимларни янгилашга имкон беради.

Компаниянинг электр энергетикаси соҳасидаги стратегик ролини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳа «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг операцион, молиявий ва тижорат жараёнларини ривожлантириш ва рақамлаштириш, шунингдек институционал салоҳиятини кучайтириш орқали уни замонавий компанияга айланишини қўллаб-қувватлайди. Лойиҳа фаолияти режалаштириш жараёнларини, корпоратив бошқарувни ва қарорларни қабул қилиш тизимларни такомиллаштириш ҳамда киберхавфсизликни бошқариш тизимини такомиллаштиришни ўз ичига олади.

Лойиҳа мамлакатнинг яшил энергия ишлаб чиқаришга ўтишини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, бу хусусий сектор томонидан қайта тикланувчи манбалар асосида ишлаб чиқариладиган энергияни интеграциялаштириш учун электр тармоқларининг имкониятларини кенгайтириш орқали амалга оширилади. Лойиҳа доирасидаги чора-тадбирлар ҳукуматнинг электр энергетика соҳасини декарбонизациялаш бўйича режаларини амалга оширишга ёрдам беради. Жумладан, лойиҳа 1500 мегаваттгача қайта тикланадиган манбаларни энергия тизимига интегратсия қилишга ёрдам беради. Ушбу чора-тадбирлар атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид чиқиндиларининг янада камайишига олиб келади, шунингдек қайта тикланувчи энергетика соҳасига қўшимча хусусий инвестицияларни жалб қилишга ёрдам беради.

Шунингдек, лойиҳа Ўзбекистонни Афғонистон, Қозоғистон ва Тожикистон электр энергетикаси тизимлари билан боғлайдиган инфратузилмаларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш орқали Марказий Осиёда минтақавий энергия савдосини ривожлантиришга ёрдам беради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.