Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси ўзбекистонлик талабаларнинг депортация қилиниши ҳақидаги маълумотга изоҳ берди

Университет Хансин
Фото: Smapse

Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси Ханшин университетининг тил курсларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг Корея Республикаси ҳудудидан чиқариб юборилиши ҳақидаги маълумотга изоҳ берди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонлик талабалар жорий йил сентябрь ойидан бошлаб тил курсида ўқишни бошлаган. Талабалар ўқишни бошлаш арафасида университет раҳбарияти томонидан уларга тушунтириш ишлари олиб борилиб, мазкур олий таълим муассасасида ўқиш ва ётоқхонасида истиқомат қилиш билан боғлиқ тартиб қоидалар тушунтирилган. Бундан ташқари, талабалар Жанубий Кореяда бўлиш қонун-қоидаларига қатъий амал қилишга чақирилган.

Шунга қарамасдан, ўқиш бошланиши билан Ўзбекистонлик талабалар орасида университет ички тартиб-қоидаларига амал қилмаслик, Корея Республикаси иммиграция қоидаларига мувофиқ университет томонидан сўралган ҳужжатларни тақдим этмаслик, рухсатсиз ва ноқонуний меҳнат фаолиятини юритиш ва бунинг оқибатида дарсларга қатнашмаслик ҳоллари кескин кўпайган.

Ушбу ҳолатни олдини олиш мақсадида университет маъмурияти талаби бўйича талабаларга нисбатан интизомий чора кўрилган ва барча талабалардан 2023 йил 8 ноябрь куни ушбу таълим маскани қоидаларига амал қилиш бўйича мажбурият хати олинган. Университет маъмурияти талаба юртдошларимизга Корея Республикасида яшаш қонун-қоидаларини ва олий таълим муассасаси ички тартибини бузмасликлари, бундай ҳолат яна такрорланса, талабаларга нисбатан қатъий чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Лекин кўрилган чораларга қарамасдан, талабалар томонидан қоидаларни бузиш ҳолатлари давом этаверган.

«Кореяда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (ИД карта) олишга улгурмасдан бу каби ноқонуний ҳатти-ҳаракатларни амалга оширгани учун Пёнгтек шаҳар Иммиграция хизмати тақдимномасига кўра университет раҳбарияти талабаларни университетдан четлатиш бўйича қарор қабул қилган», – дейилади хабарда.

Натижада жорий йилнинг 27 ноябрь куни 22 нафар Ўзбекистонлик талаба Корея Республикаси ҳудудидан чиқариб юборилган.

Ўзбекистонлик талабалар томонидан амалга оширилган бундай ҳатти-ҳаракатлар Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси томонидан Ўзбекистон фуқароларига виза бериш тартибини мураккаблаштирб, ўзбекистонлик талабаларнинг Корея оилй таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнини қийинлаштириши мумкин.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги Элчихонаси Ўзбекистонлик талабаларнинг Ҳаншин университети томонидан мажбуран чиқариб юборилганлиги ҳолатининг қонунийлигини аниқлаш борасида Корея ҳуқуқ-тартибот идоралари билан музокаралар олиб бормоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.