Ўзбекистоннинг учта музейида қалбаки экспонатлар ва етишмовчиликлар аниқланди: зарар 3,5 млрд сўмдан ошди
Ўзбекистоннинг учта музейида қалбаки буюмлар ва камомадлар аниқланиб, етказилган зарарнинг умумий миқдори 3,5 миллиард сўмдан ортиқ (320 минг доллардан ортиқ) баҳоланмоқда. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати хабар берди, деб ёзади “Фергана” нашри.
Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш инспекцияси бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан июнь ва июль ойларида Андижон ва Наманган вилоятлари тарих ва маданият давлат музейлари ҳамда Термиз давлат музей-қўриқхонасидаги экспонатларнинг сақланиши текширилган.
Текширувчилар Андижон музейидаги тўртта, Наманган музейидаги тўққизта, Термиз музейидаги 24 та буюмнинг ҳажми, ишлаб чиқиш усули ва яратилган вақти бўйича музей маълумотлар базаси, инвентар ва илмий паспортлардаги тавсифларга мос келмаслигини аниқлаганлар. Шунингдек, Термиз музей-қўриқхонасида 58 та экспонат етишмаслиги аниқланган.
Маданий мерос агентлиги баҳосига кўра, Андижон музейига 31 миллион сўм (2 818 доллар), Наманган музейига 23,7 миллион сўм (2 154 доллар), Термиз музей-қўриқхонасига 3 миллиард 467 миллион сўм (315 минг доллардан ортиқ) зарар етказилган.
Шарҳлар