“Ўзбекнефтгаз” компанияси Тошкентдаги саноат кўргазмасида ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тизим корхоналари Тошкентда 12-15 декабрь кунлари ўтказилаётган тармоқлараро саноат ярмаркасида қатнашмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” компаниясининг матбуот хизмати хабар беради.
Кўргазмада “Uzbekistan GTL” заводида ишлаб чиқариладиган янги турдаги синтетик ёқилғилар, “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонаси ва Шўртан газ кимё мажмуасининг юқори сифатли полимер маҳсулотлари, маҳаллийлаштирилган қувурлар, томчилатиб суғориш тизими эҳтиёт қисмлари, композит панеллар, халқ истеъмоли моллари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг кенг спектрдаги ёқилғи маҳсулотларидан намуналар намойиш этилмоқда.
Тадбирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан маҳаллий корхоналар ўртасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қаратилган бир қатор учрашувлар ўтказилган. Учрашувлар доирасида маҳаллий корхоналар билан бурғилаш ишларида қўлланиладиган долота ва қувурларни ҳамкорликда ўзлаштириш ва объектларда саноат тажриба синовларидан ўтказиш, таъмирлаш, қайта тиклаш, хизмат кўрсатиш бўйича аутсорсинг ташкил қилиш бўйича келишувларга эришилган.
Жорий йил январь-ноябрь ойларида ягона кооперация портали орқали умумий қиймати 773,1 млрд. сўмлик 1613 та шартномалар (шундан, 396,1 млрд. сўмлик 315 та шартнома ёки 51,2 % – хизматлар, 376,9 млрд. сўмлик 1 298 та шартнома ёки 48,8 % – маҳсулотлар) ҳамда маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари билан янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича 100 та иккитомонлама ҳамкорлик меморандумлари имзоланган.
Шарҳлар