«Ўзелтехсаноат» уюшмасига янги аъзо бўлганлардан 2 йил бадал олмаслик таклифи қувватланди
Йиғилишда тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларга йирик корхоналар билан чекланмасдан, соҳадаги барча тадбиркор билан ишлашни ўрганиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Шу боис “Ўзелтехсаноат” уюшмасининг фаолиятини тубдан ўзгартириш лозимлиги таъкидланди.
Хусусан, ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган товарларни аниқлаш, улар бўйича лойиҳа қилиб, тадбиркорларга бериш; соҳадаги стандартларни халқаро талабларга мослаб, тадбиркорларга жорий қилиш ва сертификат олишда кўмаклашиш уюшманинг асосий вазифалари бўлиши зарур.
Шунингдек, инженер-технолог ва ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш бўйича олийгоҳ ва техникумларга буюртма бериш, уларнинг дастурларини биргаликда ишлаб чиқиш; маҳаллий корхоналардаги истиқболли мутахассисларни хорижий илғор компанияларга стажировкага жўнатиш уюшма фаолиятининг асосий йўналишлари бўлиши лозим.
Президент «Ўзелтехсаноат» уюшмасининг унга янги аъзо бўлганлардан 2 йил, айланмаси 10 миллиард сўмдан кам корхоналардан эса умуман бадал олмаслик, уларнинг маҳсулотларини “Элтех Лаб” лабораториясида бепул синовдан ўтказиш бўйича таклифларни қўллаб қувватлади.
Электротехника лойиҳалари учун хориждан 200 миллион доллар ресурс жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Умуман, бу йил 85 та лойиҳа доирасида сим карта, тўлов картаси, кенг турдаги маиший техника, трансформатор, телевизор, қуёш панели ва ёритиш ускуналари, электр скутерлар учун аккумлятор, литий батареяси, лазер билан кесиш ускуналарини ишлаб чиқаришни бошлаш вазифаси қўйилди.
Сўнг давлат раҳбари соҳа вакиллари ва тадбиркорлари билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммолари ва таклифларини эшитди. Жумладан, мулоқотда:
- саноат электротехника маҳсулотларини лизинг асосида сотиш тизимини жорий этиш;
- йиллик экспорти 50 миллион доллардан кўп бўлган корхоналарга айланма маблағ учун бериладиган кредит миқдорини ошириш;
- фойда солиғини ҳисоблашда корхоналарнинг илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига сарфлаган харажатини чегириш тизимини такомиллаштириш;
- автомобил аккумлятори чиқиндисини утилизация қилиш тизимини жорий этиш;
- янги лойиҳаларни амалга оширишда замонавий ускуна сотиб олишга йўналтирилган маблағнинг бир қисмини фойда солиғи базасидан чегириш каби таклиф ва ташаббуслар билдирилди.
Давлат раҳбари тегишли вазирлик ва идораларга айтилган фикр ва масалаларни пухта ўрганиб, тегишли ҳужжатлар лойиҳаларини киритиш бўйича топшириқ берди.
Йиғилиш давомида тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларини ҳисоботлари тингланди.
Шарҳлар