Ўзгидромет: Ўзбекистон ҳудудида чанг-қумли ғубор охирги 150 йил ичида илк бор қайд этилмоқда
Қозоғистондан кириб келган кучли шамоллар Жиззах, Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида давом этган. Жиззах, Навоий ва Бухоро вилоятида шамол тезлиги максимал 20-25 м/с га етган. Кечга томон Қозоғистон жанубидан эсган кучли шамоллар Сирдарё вилояти орқали ўз йўналишини ғарбий ва жануби ғарбий томонга ўзгартирган. Давомли эсган кучли шамоллар натижасида чўл ландшафтга эга ҳудудлардаги тупроқ сиртидаги чанг ва қум зарралари ҳавога кўтарилиб, чанг булутини ҳосил қилган. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар беради.
Чанг булути шамол йўналиши бўйича аввал Сирдарё вилоятига сўнгра Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг атмосфера хавосида чанг-бўрон ва ғуборни кескин ортиб кетишига сабаб бўлган.
Чанг бўронлари ва ғубор атмосфера хавосининг кўриниш даражасини Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 500-1000 метрга, Тошкент шаҳрида эса 200 метргача чегаралаган.
Ушбу ҳодиса Бухоро, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилояти ҳудудларида ҳам кузатилиб, ушбу вилоятлар ҳудудида кўринувчанлик 1000 метрдан паст даражага эга чангли-ғубор қайд этилган.
4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси Қозоғистоннинг Чимкент вилояти, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида кўтарилган чанг ва қум зарраларининг маълум бир қисми атмосферанинг юқори қатламларида қўшни Тожикистоннинг Сўғд вилояти Хўжанд тор дараси орқали “Қўқон” шамоллари кўринишида Фарғона водийсига кириб келди. Айни дам водий вилоятларининг айрим ҳудудларида кўринувчанлик 1000 метрдан паст чекланишига эга чанг-ғубор ҳодисаси кузатилмоқда.
Ўзгидромет томонидан олиб борилаёган кузатишларга кўра, 150 йил ичида бундай ҳолат илгари кузатилмаган. Республика ҳудудларида кескин шамоллар натижасида иқлим шароитларидан келиб чиқиб, чанг-ғубор ҳодисалари кузатилган ҳамда ушбу жараёнлар шамол тўхташи билан 15-20 дақиқа вақт оралиғида тарқалган.
Маълумотларга қараганда, республика ҳудудида жорий йилнинг 12 ноябрь кунига қадар ёғингарчиликларни (жанубий вилоятлардан ташқари) кузатилмайди. Мутахасислар таҳлилига кўра, атмосфера хавосида чанг-ғуборларини яқин кунлар ичида сақланиб қолиш эҳтимоллиги мавжуд.
Кеча ҳаводаги чанг миқдори рухсат этилган меъёрдан аввалига 5 баробарга, кейинроқ маҳаллий вақт соат 21:00 ва 23:00 орасида 30 баробаргача кўтарилиши қайд этилган.
4 ноябрь куни соат 23:00 дан бошлаб ҳаво таркибидаги чанг миқдорининг пасайиш тенденцияси кузатилган, ҳозир чанг миқдори рухсат этилган меъёрий кўрсаткичдан 10 баробар юқорилиги сақланиб қолмоқда.
Шарҳлар