Жаҳон ҳамжамияти Қорақалпоғистондаги воқеаларга қандай муносабат билдирди

Источник: Газета.uz

4 июль куни Ўзбекистон президенти қатор мамлакатларнинг давлат раҳбарлари билан телефон суҳбатларини ўтказди. Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари телефон орқали мулоқот қилди.

«Суҳбат аввалида Қозоғистон президенти давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистонда қонунга зид хатти-ҳаракатларга чек қўйиш, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича кўрилган қатъий чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади», – дея хабар беради Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати.

Шунингдек матбуот хизмати Қирғизистон президенти билан ўтказилган суҳбат ҳақида ҳам хабар беради. Хабарда айтилишича, “Президент Садир Жапаров Қорақалпоғистондаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишларга чек қўйиш мақсадида Ўзбекистон раҳбари томонидан кўрилган қатъий чораларни тўлиқ қўллаб-қувватлади”.

«Бошқа давлатнинг ички ишларига аралашишга йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида таъкидланди», — дейилади унда.

Шу билан бирга, Қирғизистон президентининг матбуот хизмати Жапаров суҳбат чоғида “Қирғизистон томони Ўзбекистонда юз бераётган воқеаларни катта хавотир билан қабул қилганини” қайд этган.

«[Садир Жапаров] ўз вақтида кўрилган, қатъий ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлар туфайли Қорақалпоғистондаги вазиятни нормаллаштиришга муваффақ бўлинганини ва унинг кейинга эскалациясига йўл қўйилмаганини таъкидлади», — дея хабар беради матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти билан ҳам телефон орқали мулоқот қилди.

«Суҳбат аввалида Тожикистон президенти давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасида барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади», – дея қайд этади Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари Европа кенгашининг президенти Шарль Мишель билан ҳам телефон орқали мулоқот қилди.

«Шу маънода Қорақалпоғистондаги вазиятнинг баъзи бузғунчи кучлар томонидан издан чиқарилишига йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида қайд этилди. Шарль Мишель жиноий унсурлар томонидан уюштирилган тартибсизликлар натижасида қурбон бўлганларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик сўзларини етказишни сўради», – дейилади хабарда.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Қорақалпоғистондаги воқеалар Ўзбекистоннинг ички иши эканини билдирди. «РФ Қорақалпоғистондаги вазият Ўзбекистон раҳбариятининг фаол иштирокида бартараф этилишига шубҳа қилмайди», – дея унинг сўзларини келтиради ТАСС.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.