Жаҳон банки Ўзбекистон ЯИМ ўсиши прогнозини яхши томонга ўзгартирди

Фото: investopedia.com

Ўзбекистонда 2023-2024 йилларда иқтисодий ўсиш давом этади, дейилади Жаҳон банкининг бугун эълон қилинган Европа ва Марказий Осиё минтақаси иқтисодиёти тўғрисидаги маърузасида, дунёнинг ушбу қисми учун ривожланаётган бозор ва ривожланаётган мамлакатларда иқтисодий ўсиш прогнози (EMDE) юқорига қараб қайта кўриб чиқилди – 2023 йил учун 2,4% гача.

Тезроқ ўсиш урушдан вайрон бўлган Украина ва Марказий Осиё учун яхшиланаётган истиқболни, шунингдек, Туркиядаги барқарор истеъмол талабини ва Россияда ҳарбий ва ижтимоий нафақаларга давлат харажатларининг кескин ўсиши билан боғлиқ кутилганидан кучлироқ ўсишни акс эттиради. Россия ва Украинани ҳисобга олмаганда, минтақада ишлаб чиқариш 2023 йилда 3 фоизга ошади.

Шунга қарамасдан, ўсиш суръатлари пандемиягача бўлган узоқ муддатли ўртача кўрсаткичдан пастлигича қолмоқда. Умуман олганда, Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатларнинг ярмида 2023 йилда кутилаётган ўсиш суръатлари 2022 йилга нисбатан пастроқ ёки деярли ўзгармайди.

Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиш прогнозлари

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йилда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 5,5 фоизга яқинлашади. У ўрта муддатли истиқболда аста-секин тезлашиши мумкин, 2024 ва 2025 йилларда мос равишда 5,6% ва 5,8% га етади. 2023 йилда истеъмол ўсиши камаяди, бу Россиядан пул ўтказмалари ҳажмининг пасайиши билан боғлиқ бўлади.

Импорт ўсиши 2023 йилда тезлашиши кутилмоқда. Иқтисодиётни модернизация қилиш суръатларини сақлаб қолиш учун унинг ҳажмлари ўрта муддатли истиқболда ўсишда давом этади. Пул ўтказмалари камайиши билан мамлакат тўлов балансининг жорий тақчиллиги (2023 йилнинг биринчи ярмида 6,3 фоизни ташкил этди) янада ошади.

Энергетика соҳасига юқори харажатлар, давлат секторида таълим, иш ҳақи, пенсия ва нафақаларга кўпроқ сарфланган харажатлар ҳамда даромадларнинг камайиши туфайли 2023 йилда бюджет тақчиллиги 5 фоизгача ошиши кутилмоқда.

Ҳукумат ўрта муддатли истиқболда бюджетни консолидациялаши, бюджет тақчиллигини 2024 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизигача, 2025 йилда эса 3,6 фоизгача камайтириши кутилмоқда. Бу давлат корхоналари учун солиқ имтиёзларини қисқартириш, энергия субсидиялари таннархини пасайтириш, шунингдек, давлат активларини хусусийлаштиришдан молиявий тушумларнинг кўпайиши билан боғлиқ бўлади.

Ҳукумат ташқи қарзлар бўйича ўз чегараларига амал қилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, давлат қарзи 2023 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 36 фоизигача ўсди, 2024 йилда эса 36,6 фоизни ташкил этади.

Ҳукуматнинг ижтимоий ҳимоя дастурлари кенгайганига қарамай, пул ўтказмалари ва шахсий истеъмол ўсишининг секинлашиши Ўзбекистонда қашшоқликни камайтиришда кутилаётган ютуқларни чеклаши мумкин. 2023 йилда аҳоли орасида камбағаллик даражаси бироз пасайиб, 13,9 фоизга етиши кутилмоқда.

Ушбу истиқболга салбий таъсир кўрсатадиган хавфларга Россиядаги иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиши, юқори ташқи инфляция босими ва кутилганидан қаттиқроқ глобал молиявий шароит киради.

Иқтисодиёт учун потенциал ижобий тенденциялар қаторига олтин, табиий газ ва мисга бўлган жаҳон нархларининг юқорилиги (Ўзбекистон ушбу товарлар экспортчиси ҳисобланади), шунингдек, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар натижасида иқтисодиёт тармоқларида унумдорликнинг тезроқ ўсиши киради.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.