Жаҳон банки Ўзбекистонда олигархлар шаклланиши эҳтимоли юқори эканини билдирмоқда

Источник: unsplash.com

Ўзбекистонда ғаразли манфаатлар йўлида ҳокимиятни эгаллаб олиш хавфи 2025 йилга бориб энг юқори чўққига чиқиши керак. Бу ҳақда Жаҳон банки томонидан ўтказилган ва яқинда эълон қилинган иккинчи тизимли мамлакат диагностикаси (ТМД)да айтилади, деб ёзади “Газета” нашри.

Постсовет ҳудудидаги бошқа мамлакатлар, жумладан, Россия ва Украинадаги трансформациялар тажрибаси шуни кўрсатадики, давлатнинг қўлга олиниши ва олигархларнинг шаклланиши кўпинча ислоҳотлар жараёнининг икки муҳим босқичида содир бўлади, дейилади ҳисоботда. Бу давлат назоратини қисқартириш ва ерларни давлат тасарруфидан чиқариш, шунингдек, давлат корхоналарини хусусийлаштиришда намоён бўлади.

Ҳар икки босқич ҳам ҳукумат томонидан белгилаб берилган энг муҳим устувор йўналишлар бўлиб, Ўзбекистоннинг келгуси беш йилга мўлжалланган ушбу тизимли диагностикаси натижаларига асосланади.

Постсовет ҳудудидаги ўтиш даври иқтисодиётида олинган сабоқлар ҳам одатда икки хил манфаатлар мавжудлигини кўрсатади:

  • хусусийлаштириш натижасида пайдо бўладиган янги ресурслар устидан назоратни қўлга киритиш истаги (ғолиблар жараёнга дастлабки ва ўрта босқичларда қўшилганлардир);
  • ислоҳот жараёнига тўсқинлик қилишдан манфаатдор бўлган бугунги кунда фойдали мавқега эга бўлганлар.

“Консультациялар чоғида барча манфаатдор томонлардан олинган маълумотлар Ўзбекистонда ҳар икки хавф даражаси юқори эканлигини ҳамда ер ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш билан боғлиқ хавотирлар юқори эканлигини тасдиқлайди”, — дейилади хабарда.

Жаҳон банкининг қайд этишича, давлатни эгаллашнинг энг муҳим каналларидан бири бу махсус, ноаниқ имтиёзларнинг берилишидир.

Постсовет ҳудудидаги бошқа мамлакатларда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам яхши алоқага эга бўлган тадбиркорлик субъектлари “анъанага кўра, президент, вазирлар маҳкамаси ёки вазирлар қарорлари орқали алоҳида тартибларни келишиб олиш имкониятига эга”, уларга солиқ ва божхона талабларидан озод қилиш, ресурслардан имтиёзли фойдаланиш имконияти берилган ва ҳатто потенциал рақобатчилар учун аниқ янги тўсиқлар ҳам яратилган, – дейилади ТМДда.

Ушбу имтиёзларнинг баъзилари расмий ҳукумат нашрларида эълон қилинади, аммо манфаатдор томонлар кўплаб келишувлар, айниқса, молиявий рағбатлантиришлар яширин тарзда муҳокама қилинишини ва ҳеч қачон ошкор этилмаслигини таъкидлашади. Натижада, янги корхоналар учун рақобатчиларнинг бозордаги ҳақиқий фойда кўламидан хабардор бўлиши қийин, дейилади ҳисоботда.

“Шу билан бирга манфаатдор томонлар имтиёзлар ҳақидаги маълумотларнинг аниқ бўлиши ва норматив ҳужжатлар шаклида эълон қилиниши ҳақидаги қонун талаби анъанавий тарзда юқори даражада қўллаб-қувватланаётганини ҳам таъкидламоқда. Ушбу келишувларнинг тўлиқ ошкор этилиши ҳукумат амалга ошириши мумкин бўлган ислоҳотларнинг муҳим элементидир”, – дея таъкидлайди Жаҳон банки.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.