Жанубий Корея Мудофаа вазири истеъфога чиқди
Жанубий Корея мудофаа вазири Ким Ён Хен истеъфога чиқди. У айнан президентга ҳарбий ҳолат эълон қилишни таклиф қилган эди.
Ёнҳап агентлигининг 4-декабрдаги хабарига кўра, мудофаа вазири бу ҳақда расмий ҳужжатда эълон қилган.
«Мен ҳарбий ҳолат билан боғлиқ барча вазиятлар учун жавобгарликни ўзимга оламан ва президентга миннатдорчилик билдираман», — деди Ким Ён Хен.
Хабар қилинишича, мудофаа вазири Жанубий Корея президентига ҳарбий ҳолатни жорий этишни шахсан таклиф қилган. Вазир шунингдек, ҳарбий ҳолатга алоқадор барча ҳарбийлар унинг кўрсатмаларига биноан иш олиб борганини таъкидлаб, «бутун жавобгарлик менинг зиммамда», деб қўшимча қилган.
Аввалроқ, Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилганини эълон қилганди. У бу қарор Шимолий Корея тарафидан келган таҳдидлар билан боғлиқ эканлигини таъкидлаган.
Шунингдек, ҳарбий ҳолат жорий этилиши билан Сеул шаҳрида аҳолининг ҳарбийлар билан тўқнашувлари бошланди.
Шарҳлар