Жанубий Кореянинг Sebine Technology компанияси каолин рудасидан алюминий олишга жалб қилинади
Ўзбекистон Жанубий Кореянинг Sebine Technology компаниясини Ангрен каолинидан алюминий ва алюминий оксидини ажратиб олиш лойиҳасини тиклашга жалб қилишни режалаштирмоқда, деб ёзади “Газета” нашри Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг матбуот хизматига таянган ҳолда.
Sebine Technology компаниясининг вакиллари Ангрен кўмир конидан қазиб олинадиган каолин хом ашёсининг хусусиятларини ўрганиш мақсадида «Ўзбеккўмир» АЖ ва унинг тизимидаги корхоналарда бўлишди.
“«Ўзбеккўмир» АЖ ҳамда компания вакиллари иштирокидаги учрашувда жанубий кореялик мутахассислар Ангрен каолинидан алюмин ва алюминий оксидини ажратиб олиш бўйича бир қанча лойиҳалар устида ишлашга келишиб олинди”, – дейилади хабарда..
Ҳозирда Ўзбекистонда бирламчи алюминий ишлаб чиқариш йўқ. Бутун дунёда алюминий оксидини ишлаб чиқариш учун асосан боксит (алюминий рудаси) ишлатилади, уни фақат Африка, Жанубий Америка ва Австралиядан олиб келиш мумкин. 2000 йилларнинг бошларида «Ўзбеккўмир» компанияси Ўзбекистон Фанлар академияси билан ҳамкорликда Ангрен конидан иккиламчи каолинлар асосида тажриба саноат алюминий оксиди-цемент ишлаб чиқаришини ташкил этишни ва техник регламентларни ишлаб чиқди.
2008 йилда «Русал» компаниясининг Бутунроссия алюминий-магний институти ва «Ўзбеккўмир» АЖ ўртасида 500 минг тоннагача алюминий оксиди ишлаб чиқариш қувватини яратиш бўйича лойиҳадан олдинги ҳужжатларни биргаликда ишлаб чиқиш тўғрисида меморандум имзоланган эди. Бироқ лойиҳани тайёрлаш жараёнида томонлар лойиҳанинг тижорат самарадорлигининг режалаштирилган кўрсаткичларига эриша олмадилар.
Мутахассисларнинг фикрича, Ангрен конида каолин гилларининг ўрганилган ва тасдиқланган захиралари 900 миллион тоннани ташкил этади, шундан 450 миллион тоннага яқини алюминий оксиди ва алюминий ишлаб чиқариш учун хомашё сифатида ишлатилиши мумкин.
Шарҳлар