Жазодан қочиб юрган 422 нафар шахс жазони ўташ муассасаига қайтарилди
Жазо ўташдан бўйин товлаб яшириниб юрганлиги сабабли қидирув эълон қилинган 422 нафар шахс ушланиб, тегишли тартибда жазони ижро этиш муассасаларига қайтарилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Жорий йилнинг 23 июль кунидан 23 август кунига қадар Республика миқёсида “Пробация ойлиги” эълон қилиниб, пробация назорати остидаги шахсларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳаётга мослашуви борасидаги тадбирларни кучайтириш, мавжуд муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда турмуш даражасини яхшилаш мақсадида комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди.
2024 йил 1 август ҳолатига кўра, пробация бўлинмалари назорат остида жами 85 709 нафар шахс ҳисобга олинган бўлиб шулардан:
- 26 757 нафари ахлоқ тузатиш ишлари;
- 1 813 нафари шартли ҳукм қилинганлар;
- 8 889 нафари муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинганлар;
- 17 309 нафари озодликни чеклаш;
- 84 нафари мажбурий жамоат ишлари;
- 30 857 нафари муддатидан илгари шартли озод қилинганлар жазосига тайинланганлар.
Назоратдаги шахслар тузалиш йўлига ўтган, жиноят содир этишга мойил ҳамда жиноят содир этиш хавфи юқори каби тоифаларга ажратилиб, улар томонидан қайта жиноят содир этиш хавфини аниқлаш мақсадида, жами 64 667 нафар назоратдаги шахсларнинг ижтимоий психологик портрети тузилган ва тарбиявий-профилактик таъсир чоралари кўрилган.
Ўтган 7 ой якуни бўйича пробация бўлинмалари томонидан жами 53 144 нафар шахслар ҳисобдан чиқарилган. Жазо ўташдан бўйин товлаб яшириниб юрганлиги сабабли қидирув эълон қилинган 422 нафар шахслар ушланиб, тегишли тартибда жазони ижро этиш муассасаларига қайтарилган.
Шарҳлар