Жисмоний тарбия ва спорт университетида қатор қонунбузарликлар аниқланди
Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига от спорти, хоккей, фигурали учиш, тоғ чанғиси бўйича спорт иншоотлари мавжуд бўлмаса-да, 500 нафардан ортиқ абитуриент шу йўналишларга ўқишга қабул қилинган. Бош прокуратура томонидан Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети фаолияти ўрганилиб, бир қатор хато ва камчиликлар аниқланди, дея хабар беради Бош прокуратура матбуот хизмати.
Олийгоҳга ўқишга қабул қилишда қонунчилик талаблари бузилиб, қабул жараёнларининг шаффофлиги таъминланмаган. Хусусан:
– ижодий имтиҳонларни ўтказиш учун 10 та йўналиш бўйича 3 кишидан кам бўлмаган таркибда комиссия шакллантирилмаган;
– 21 та спорт тури бўйича ўтказилган ижодий имтиҳонларда айнан бир шахс бир вақтда комиссияларга раислик қилган;
– 24 та таълим йўналиши бўйича 189 нафар абитуриентнинг имтиҳон натижалари баённомаларда ҳаққоний акс эттирилмаган;
– 26 нафар абитуриентнинг ижодий имтиҳон натижалари баённомаларда кўрсатилмасдан, асоссиз баҳоланган;
– от спорти, хоккей, фигурали учиш, тоғ чанғиси бўйича спорт иншоотлари мавжуд бўлмасада, 500 нафардан ортиқ абитуриент шу йўналишларга ўқишга қабул қилинган;
– 90 нафар абитуриентнинг ижодий имтиҳон баллари ошириб қўйилиб, талабаликка қабул қилинган.
Оқибатда, ижодий имтиҳонлардан энг юқори балл тўплаб, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган 30 нафар талаба 1-семестр якуни
бўйича қониқарсиз баҳо олган, дея қайд этади Бош прокуратура.
Сўнгги 2 йилда талаба ва ўқитувчилар томонидан жами 6 та коррупциявий ва 23 та бошқа турдаги жиноятлар содир этилган. Текшириш давомида ўтказилган тадбирда талабалар Д.И. ва Ж.С.лар фуқаро Ғ.М.ни ўқишга киритиш учун ундан 5 минг доллар олган вақтида ушланган.
Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар