Жиззах вилоятида 2026 йилгача қаттиқ маиший чиқиндилар учун полигонлар барпо этилади
2024-2026 йилларда Жиззах вилоятида мавжуд чиқинди полигонларида қаттиқ маиший чиқиндиларни юклаш бўйича кўчма станцияларни ташкил этиш, замонавий талабларга жавоб берадиган полигонларни реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш ишлари амалга оширилади. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар беради.
Лойиҳа доирасида экологик меъёрлар ва санитария талабларига жавоб берадиган 3 та қаттиқ маиший чиқинди полигони, 5 та майдонда компост тайёрлаш ва чиқиндиларни саралаш мажмуаси, шунингдек Зарбдор, Арнасой, Пахтакор, Мирзачўл, Янгиобод ва Бахмалда 6 та чиқинди полигони қурилади.
Шароф Рашидов туманидаги чиқинди полигонида қуввати 500 кВт-1 МВт бўлган чиқинди газ йиғиш қурилмаси ва 500 кВт-1 МВт қувватга эга электр станциясига уланиши мумкин бўлган чиқинди газ йиғиш тизими қурилади. Шунингдек, ушбу маблағларга ишлаб чиқариш қуввати кунига 5-10 тонна бўлган тиббий чиқиндиларни ёқиш заводи, полигоннинг моддий-техникавий базасини мустаҳкамлаш учун махсус жиҳозлар ва бошқа мосламаларни харид қилишга йўналтирилади.
2021 йил 2 декабрь куни Жанубий Корея Экологик саноат ва технологиялар институти (KEITI) ва Жиззах вилояти ҳокимлиги ўртасида 2022-2026 йилларда Жиззах вилоятида чиқиндиларни қайта ишлаш саноатини ташкил этиш ва ривожлантириш тўғрисида меморандум имзоланди. Лойиҳани амалга ошириш учун 6,6 миллион АҚШ доллари миқдорида грантлар ва 90 миллион АҚШ доллари миқдорида кредитлар ажратилди. Корея Республикасининг EDCF Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик фонди томонидан 90 миллион доллар миқдорида кредит ажратилди.
Шарҳлар