Жиззах вилоятида содир бўлган йирик ёнғинда 5 гектар ер майдони ёнди
15 июль куни Жиззах вилоятида 5 гектар майдонни қамраб олган йирик ёнғин содир бўлди, дея хабар беради вилоят экология бошқармасининг матбуот хизмати.
Ёнғин соат 11:30 да Ғаллаорол туманида Жиззах-Ғаллаорал автомобиль йўли бўйида содир бўлган. Ёнғин ҳақидаги маълумотлар тезда ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Ёнғинни ўчиришга Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Жиззах вилояти бошқармаси, вилоят ички ишлар бошқармаси, вилоят экология бошқармаси, шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг туман бўлимлари ҳамда Экология инспекцияси ходимлари жалб қилинган.
Соат 14:30 да ёнғин тўлиқ ўчирилган. Оқибатда 5 гектарга яқин ер ёниб кетган. Айни пайтда тегишли ташкилотлар ходимлари ёнғин сабабларини аниқлаб, етказилган зарарни баҳоламоқда.
Аввалроқ Бухорода ҳали ўчирилмаган йирик ёнғин ҳақида хабар берган эдик. Ҳозирча қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Шарҳлар