Жиззахда болани қийноққа солган эркакга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Кадр из видео
Фото: https://t.me/Bolalar_ombudsmani

Ижтимоий тармоқларда эркак киши гўдак болага турли шаклдаги қийнаш, уни ҳаёти ва соғлиғини хавфга солувчи ҳаракатлар қилаётгани тасвирланган видео тарқалди. Бу ҳақда болалар Омбудсмани хабар беряпти.

Аниқланишича, инсонийликка мутлақо зид мазкур жиноий ҳаракатлар Жиззах шаҳрида яшовчи, боланинг отаси деб айтилаётган шахс А.Б. томонидан фарзандига муттасил равишда содир этилган.

«Мазкур ҳолат юзасидан боланинг онаси ИИБга мурожаат этиб, 2023-йил 20-декабрь куни ЖКнинг 110 (Қийнаш), 112 (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», – дейилади хабарда.

Болалар омбудсмани болага нисбатан бундай ғайриинсоний муносабатда бўлган шахсларга қонун доирасидаги жавобгарлик қатъий таъминланиши юзасидан ўз кузатувини давом эттираётганлигини билдирган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.