Жиззахдаги “Наврўз” боғида 5000 та шар учирилишига чек қўйилди
Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятидаги Наврўз боғида 5000 та шар учирилиши ҳақида эълон тарқалди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Миллий гвардия ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойида бўлиб, ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди. Ўрганиш давомида шарлар ёрилиб, яроқсиз ҳолатга келтирилди ва ҳолатга чек қўйилди.
Вазирлик томонидан пластик ўйинчоқлар, шарларни учириш, табиатни ифлослантиришга, чиқиндилар билан тўлдиришга сабаб бўладиган бошқа шу каби тадбирлар доимий тарзда қоралаб келинмоқда. Вазирлик томонидан бу каби ҳолатлар тақиқланганлиги ва жавобгарликка сабаб бўлиши қайта-қайта таъкидланмоқда.
Хусусан, аввалроқ “Янги Ўзбекистон” боғида 10 000 та пластик ўрдакчалар туширилмоқчи эканлиги хабарлар тарқалганди. Вазирлик бу ҳолат юзасидан кескин муносабат билдирди. Натижада бу тадбир бекор қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 июндаги “Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича талабларни кучайтириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, оммавий тадбирларда фуқароларни реклама, акция ва бошқа мақсадларда озиқ-овқат, буюмлар ҳамда бошқа маҳсулотлар ва товар моддий бойликларини бепул тарқатиш ёки ҳаддан ташқари арзон нархларда сотиш орқали жалб қилиш тақиқланди.
Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига амал қилмаган тадбир ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси МЖТКга кўра жавобгарликка сабаб бўлади.
Шарҳлар