Жорий йил баҳорида 138 миллион дона кўчат экилган
Мамлакатимизда ҳар йили 200 миллион дарахт ва бута экиб, яшилликни 2030-йилгача 30 фоизга етказиш бўйича марра олинган. 2020-йилда яшиллик даражаси 8 фоиз бўлган бўлса, ҳозир 12 фоиз. Оролбўйида яшил қоплама 2 миллион гектардан ошди.
Жорий йил баҳорида 138 миллион дона кўчат экилгани, йил бошидан 10 минг гектардан зиёд “яшил белбоғ”, 257 та “вазирлик” ва “ҳокимлик” боғлари барпо қилингани таъкидланди.
Шу йилдан бошлаб йўл, дарё ва каналларга туташ 2 минг гектар ер 10 минг аҳоли ва тадбиркорларга экиш учун ижарага берилди. “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида бюджетдан 49 миллиард сўм берилиб, маҳаллаларда 215 та янги боғ яратилмоқда.
Ўзбекистоннинг бу борадаги ишларини Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи, Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ижроия органи ҳам алоҳида эътироф этди.
Шу билан бирга яшиллик даражасини ошириш бўйича ислоҳотларни кўп ҳокимлар тушуниб етмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Баҳор мавсумида 28 та туман дарахт экишда режани бажармагани танқид қилинди. Иқлим шароитини ҳисобга олмасдан, сув йўқ жойларга дарахт экилгани учун минглаб туп дарахт кўкармаган.
Масалан, суғориш тизими йўқ жойга Тошкент шаҳрида 322 минг, Самарқандда 96 минг, Тошкент вилоятида 67 минг, Қорақалпоғистонда 61 минг, Бухорода 24 минг, Навоийда 15 минг кўчат экилган.
Ҳисоботга қўшиб ёзиш энг кўп Бухоро, Тошкент, Андижон, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларида ва Тошкент шаҳрида қайд этилган.
Шу муносабат билан Бош прокуратурага соҳадаги назоратни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Ҳар бир ҳоким, вазир, ташкилотга қаерга, қанча кўчат экиш эгаси, жойи, суви ва маблағи билан аниқ белгилаб бериш топширилди, мутасаддилар бунинг ижроси бўйича қатъий сўров бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.
Шарҳлар