ЖССТ: Дунёда 35 миллион нафар бола қизамиқдан ҳимояланмаган
Уч йил давом этган коронавирус пандемияси кўплаб соҳаларда узилиш ва тўхталишларга сабаб бўлди. Хусусан, дунё бўйлаб болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш қамрови ҳам кескин пасайиши кузатилди.
Ҳозир эпидемиологик вазият барқарор. Аммо ўтган йили вакцина олмаган болалар сони пандемиядан аввалги давр — 2019 йилга қиёслаганда 2,7 миллион нафарга кўпайган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФ томонидан айни шу муаммо таҳлилига бағишланган янги қўшма ҳисобот эълон қилинди.
Унда қайд этилишича, 2022 йилда 13,9 миллион нафар ўғил-қиз дифтерия, қоқшол ва кўкйўталга қарши бир марталик вакциналарни қабул қилмаган бўлса, 2023 йилда улар сони 14,5 миллион нафарга етган.
Бундан ташқари, қарийб 35 миллион бола қизамиққа қарши умуман эмланмаган ёки вакциналарнинг тегишли дозасини олмаган.
Дунё бўйича 83 фоиз ўғил-қиз худди шу касалликка қарши бир дозада, 74 фоизи эса 2 босқичда эмланган. Бироқ ЖССТ томонидан бу борада қамровни 95 фоизга етказиш мақсад қилинган. Шу маънода, эришилган кўрсаткичлар қониқарли эмас.
Шу боис ташкилот тегишли ҳукуматларни бу муаммони бартараф этиш учун фаол чора-тадбирларни амалга оширишга чақирди.
Шарҳлар