ЖССТ прогнози: Супербактериялар 25 йил ичида қарийб 40 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлиши мумкин
Сайёрамизда инфекцияларнинг антибиотикларга чидамли турлари кўпаймоқда. Яқин келажакда эпидемиологик вазият янада мураккаблашиши мумкин. Хусусан, келгуси 25 йил ичида бундай супербактериялар 39 миллиондан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлиши прогноз қилиняпти.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари дунёнинг етакчи шифокорлари томонидан ўтказилган ўрганишлар натижаларига таяниб, шундай хулосага келди. Бу ҳақдаги маълумотлар Буюк Британиянинг нуфузли “Тҳе Ланcет” тиббий журналида эълон қилинди.
“Инсоният дори-дармонларга чидамли микробларга қарши курашиш борасида анча илгарилиб кетди, — дейди Вашингтон университети профессори Стейн Фоллсет. — Аммо эришилган натижалар етарли эмас. Чунки 2050-йилга бориб, дори-дармонларга чидамли микроблар бевосита ёки билвосита ҳар йили 8 миллион одамнинг ўлимига сабаб бўлиши эҳтимоли мавжуд. Бунинг олдини олиш учун шошилинч равишда янги стратегияларни ишлаб чиқишимиз керак”.
Экспетрлар ҳисоб-китобларига кўра, 2050-йилгача дори-дармонларга чидамли инфекциялар 39,1 миллион инсоннинг ҳаётига зомин бўлиши, қолаверса, бу билан боғлиқ патологиялар туфайли 169-миллион ўлим ҳолати юз бериши тахмин қилиняпти.
Бундан Жанубий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ҳиндистон, Покистон ва Бангладеш аҳолиси энг кўп азият чекиши, мазкур минтақада 11,8 миллионга яқин одам супербактериялар қурбонига айланиши хавфи бор. Кейинги ўринлардан Жануби-Шарқий ва Шарқий Осиё давлатлари ўрин олиши башорат қилинмоқда.
Шарҳлар