Журналистлар ва фаоллар «яширин, аммо кучли цензура» сабабли президентга очиқ мурожаат билан чиқди

Источник: unsplash.com

Журналистлар ва жамоат вакиллари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаатнома йўллашди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри ёзади.

Мурожаатномада қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев 2016 йилда давлат раҳбари бўлиши билан Ўзбекистонда катта ўзгаришлар бошланди. «Жумладан, халқимиз узоқ вақт ва интиқлик билан кутган сўз эркинлиги, фикр эркинлиги пайдо бўла бошлади. Бу орқали ўтган йилларда Ўзбекистонда матбуот эркинлиги муҳити сезиларли даражада шаклланиб улгурди».

«Айни пайтда, биз журналистлар ва жамоатчилик вакилларини ҳозирга қадар сақланиб қолаётган яширин, лекин кучли цензура ҳам безовта қиляпти. Таҳририятлар, журналистлар, блогерлар, жамиятга ҳар қандай фикр берувчи шахсларнинг фикр билдиришида жиддий тўсиқлар, босимлар, қўрқитишлар сақланиб қоляпти», — дейилади мурожаатномада.

Муаллифларнинг қайд этишларича, матбуот ўзи истаган мавзуни кўтара олмаяпти.

«Журналистлар ўзлари истаган оҳангда вазиятни кўрсата олмаяпти. Давлатнинг ахборотни назорат қилишга масъул бўлган муассасаси таҳририят ва блогерларга муттасил равишда босим қилиб, ахборот оҳанги, шакли, моҳиятини ўзгартириш ёки бу ахборотнинг тўлиқ чиқмаслигини талаб қилишда давом этмоқда», — қайд этади улар.

Журналистлар, блогер ва фаолларнинг таъкидлашича, улар сўз ва фикр эркинлиги орқали Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришдан манфаатдор эмас.

«Биз хавфсизликни сўз ва фикр эркинлигининг пойдевори сифатида кўрамиз. Лекин сўз ва фикр эркинлигисиз таъминланган хавфсизликни — ноқис, заиф ва вақтинчалик хавфсизлик деб биламиз», — дейилади мурожаатномада.

Муаллифлар президентдан Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлигини кучлироқ ҳимоя қилишини, бу борада конституция ва амалдаги қонун нормалари тўлиқ ишлашини, маълум давлат муассасаларининг журналистларга, матбуотга, блогерларга босимларини тўхтатишда ёрдам беришинини сўрашди.

«Биз Ўзбекистонни кучли, рақобатбардош, ҳалқаро майдонда обрўли давлат сифатида кўришни истаймиз. Бунинг учун, Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлиги муттасил кучайиб бориши лозим. Аммо ҳалигача Ўзбекистон матбуоти кўринмас, лекин жиддий назорат остида эканини ачинарли ва келажак учун хавфли вазият деб биламиз», — дейилади мурожаатномада.

«Муҳтарам президент, Ўзбекистонда матбуотнинг том маънодаги мустақиллигини таъминлашда тарихий ёрдам беришингизни илтимос қиламиз», — дея мурожаатга якун ясалади.

Мурожаатномани имзолаганлар орасида депутатлар — Шохрух Алибеков ва Бобур Расулев, журналистлар — Карим Бахриев, Хамза Жумаев, Илёс Сафаров, Анора Содиқова, Абдураҳмон Ташанов ва бошқалар, сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Гулсара Шерматова, «Демократия ва инсон ҳуқуқлари» нодавлат институти директори Сайёра Хўжаева, жамоатчилик фаоллари — филолог Элдор Асанов, Умида Ҳақназар, Азиза Умарова, Муаззам Ибрагимова, Обиджон Латипов, блогерлар — юрист Зафарбек Солижонов, Фаррух Самарқандий, Сардор Салим, Худойберди Раззоков, Зафар Мардонов ва бошқалар бор.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.