Журналистлардан юзлаб болаларнинг касалхонага ётқизилиши масаласини “ковламаслик” сўралди

Кадр видео / Ulugbek Ashur

Наманганда журналист ва блогерлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари билан «Антиструмин» №100 дорисини қабул қилган юзлаб болаларнинг касалхонага ётқизилиши билан боғлиқ вазиятни ёритиш юзасидан тортишишди. Бу ҳақда “Газета.uz” нашри ёзади.

Журналистлар ҳозирги оғир вазиятда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа мутасаддиларнинг жимлигидан норозилигини билдириб, вазирдан интервью беришни талаб қилишди. Ўзини соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг ёрдамчисиман, деб таништирган шахс «Ҳозиргина Президент администрациясидан қўнғироқ бўлди: интервью бўлмасин. Нима қилмоқчисиз? Саволларингиз шу мавзуга қўшилиб кетадида», — деди.

Журналистлар «Биз нима қилишимиз керак? Сукунат сақлашимиз керакми? Матбуот котибингиз кеча гуруҳда „Фақат сукут“ деб ёзди. Болалар касалланаётган пайтда, сукут сақлаб бўлмайди!» — деди «Севимли» телеканалининг «Замон» кўрсатуви журналисти.

Ўзини ёрдамчиман деб таништирган шахс «Соғлиқни сақлаш вазири шунча иш қиляпти, нима керак ҳозир уни ковлаб?», — деди.

Журналистлардан бири вазир ва бошқарма бошлиғи яширинишни бас қилишлари, саволларга жавоб беришлари кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, болалар ЎРВИ билан касалланган бўлиши мумкинлигини айтган соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова «ёлғон маълумот берган».

«Мен сизга одамга ўхшаб тушунтиряпман, ҳозир Президент администрациядан қўнғироқ бўлди: ҳеч қандай [интервью бўлмайди]… Шунчаки вазирни „под удар“ қўямиз», — деди «ёрдамчи».

«Маълумот ўзингиз учун керакми? Бўлди, камера бўлмайди, жиддийроқ келишиб оламиз, ҳар қандай саволингизга жавоб берадилар», — деди у.

Журналистларнинг «Администрация топшириғига асосан [вазир] интервью беришдан бош тортди, деб берсак бўлаверадими?», деган саволига вазир «ёрдамчиси» Иноятов Нью-Йоркдан 13 соат давомида учиб келгани, келгандан кейин дам олмай Тошкент шаҳар 16-шифохонага (РШТЁИМ) борганини айтди.

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот котиби Феруза Атахонова суҳбатга қўшилиб, Райҳона исмли журналистга мурожаат қилиб, унга бундай муомала қилишга ҳаққи йўқлигини айтди.

«Агар сен ҳақиқатдан ҳам ойдинлик киритиш мақсадида келган бўлсанг, бақир-чақир қилмасдан, очиқчасига гаплашамиз. Бунга вақт талаб қилади. Сен кеча Элмира Эркиновнага [Боситхонова] ҳам ортиқча гапирдинг. Сенда субординация бўлиши керак. Журналистикада муомала маданияти деган фан бўлган… Мен матбуот котибиман, маълумотни мен бераман», — деди у.

Журналистлар яна вазирдан маълумот олишни исташларини айтишди. Матбуот котибининг таъкидлашича, бу учун бир-икки талаб қилинади. ОАВ вакиллари бу ҳақда вазирнинг ўзидан эшитишни сўради. Феруза Атахонованинг айтишича, журналистлар бундай шартларни қўя олмайди. У журналистлар саволига журналист сифатида ўзи жавоб беришини маълум қилди. Бунга жавобан журналистлар у вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг матбуот котиби экани, соғлиқни сақлаш вазирининг матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев экани эслатишди.

Журналистлар ва блогерлар соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманидан норози эканликларини ҳам таъкидлаб, «мавзудан четга чиққан»ини айтишди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.