«Ўзимни уйдагидек ҳис қилдим» – Россиялик стендап-қизиқчи Тошкентдаги концертда микрофон ўчиб қолгани ҳақида
14 март куни россиялик стендап комедиячиси Данила Поперечний Тошкентда «Қувноқ/ҳаёт» номли концерт дастурини тақдим этди. Чиқиш давомида унинг микрофони кўп маротаба ўчиб қолди. Концертдан кейин у Instagram`да буни ташкилотчилар амалга оширгани ҳақида ёзди, дея қайд этади «Газета.uz» нашри.
«Пост Тошкентда 1500 киши учун қандай ажойиб концерт ташкил этилгани ҳақида бўлиши мумкин эди. Лекин ҳақиқат шуки, концертимдан дунёда содир бўлаётган воқеалар билан боғлиқ барча материаллар олиб ташланди. Ҳар гал ҳазил ёки мавзу ҳозирги кун тартибига ҳеч бўлмаганда билвосита яқин борса ҳам, микрофонни шунчаки ўчириб қўяверишди. Улар ҳатто концертнинг очилиш маросимидаги „Россия“ сўзи оддий маънода қатнашган ҳазилларни ҳам ҳеч бир келишувсиз, ўзлари билганича кесиб ташлашди», — дейди қизиқчи.
Унинг сўзларига кўра, «маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари талаби билан концерт дастурининг камида 50 дақиқаси шу йўсинда ўтган». «Ўзимни уйдагидек ҳис қилдим», — деди у.
Данила Поперечний томошабинлардан пул тўлаб кирган шоулари кўнгилдагидек ўтмагани, унинг бир қисмигина намойиш этилгани [концерт дастури 2,5 соатга мўлжалланганди] учун узр сўради. Унинг таъкидлашича, томошабинлар пулни қайтариш учун ариза бериши мумкин. «Менда ҳеч қандай савол бўлмайди», — дейди у.
«Айни пайтда сиз дастурни бу шаклда қабул қилган ягона шаҳарсиз», — дейди қизиқчи.
28 ёшли Данила Поперечний уруш туфайли Россияни тарк этган. У рафиқаси Полина Чистякова билан АҚШга кўчиб кетган. «Қувноқ/ҳаёт» дастури билан турли мамлакатларда гастролларда бўлиб турибди. Тошкентдан кейин унинг Туркияда иккита концерти бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Шарҳлар