“Ўзэнергоинспекция” Бухоро вилояти бошқармаси мансабдори қўлга олинди

Фото: Бош прокуратура

Бугун, 28 декабрь куни Бухоро вилояти прокуратураси, Департамент, ИИБ ва ДХХ вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Ўзэнергоинспекция” Бухоро вилояти бошқармаси мансабдор шахси С.А. “I.G.A.S. ” МЧЖга қарашли АЁҚШда ўтказилган текшириш якуни бўйича мазкур шохобча фаолиятини тиклаб бериш, “B.A.Y.Q.” МЧЖга қарашли АЁҚШга фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш, 2024 йилда назорат органлари томонидан текшириш эълон қилинганда, унга олдиндан хабар бериш эвазига 100 000 АҚШ доллари пора талаб қилиб, Бухоро шаҳар туғруқ комплекси ёнида кимёвий ишлов берилган 50 000 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар беряпти.

“Мазкур ҳолат бўйича С.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибида ушланган. Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича Бухоро вилояти прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, – дейилади хабарда.

Шунингдек, Бош прокуратура тадбиркорларга қуйидагича мурожаат қолдирган.

“Ҳурматли тадбиркорлар! Агарда фаолиятингиз давомида назорат қилувчи органлар томонидан пора талаб қилиш ҳолатлари аниқланган ҳолларда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишингиз сўралади” – дейилган.

Унутманг, пора бериш, яъни давлат органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни бажариши ёки бажармаслиги эвазига бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш ҳам жиноят ҳисобланади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.