«Ўзэнергоинжиниринг» АЖ ва хитойлик ҳамкорлар биргаликда қўшма корхона ташкил қилади
Ҳозирги кунда электр энергетикасини қайта қуришнинг устивор йўналишларидан бири қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ҳисобланади. Ўзбекистон бу соҳада катта салоҳиятга эга, сўнгги йилларда қайта тикланувчи энергия манбалари қувватларини ривожлантиришда салмоқли қадам ташланди. Аҳамиятлиси, қисқа муддат ичида Ўзбекистон бу соҳада эътиборга лойиқ натижаларга эришди ҳамда 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбаларининг умумий генерация қувватларидаги улушини 25 фоизгача етказиш бўйича бемалол бажариш имконияти мавжуд бўлган улкан режаларга эга. Бошқа мамлакатлар бунга ўнлаб йиллар мобайнида эришган.
Мазкур улкан лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш учун лойиҳаларни амалга ошириш бўйича халқаро ёндошувларга эга бўлган инжиниринг ташкилотлари, лойиҳа институтларига, шунингдек электр энергетикаси ҳамда янги технологиялар бўйича халқаро даражадаги малакали кадрлар тайёрлашга эҳтиёж сезилмоқда. Ушбу омилларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23-25 январь кунлари Хитой Халқ Республикасига муваффақиятли амалга оширган кенг миқёсдаги давлат ташрифи доирасида «Ўзэнергоинжиниринг» АЖ хитойлик шериклар билан қатор келишувларга эришди.
«Ўзэнергоинжиниринг» АЖ ва EPPEI ўртасида қўшма корхона
«Ўзэнергоинжиниринг» АЖ ва Хитойнинг электр энергетикасида режалаштириш ва инжиниринг институти (EPPEI) режалаштириш, инжиниринг ва маслаҳатлашувлар соҳасида биргаликда қўшма корхона ташкил этиш тўғрисида келишиб олдилар. Корхона фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар кўзда тутилмоқда:
- Замонавий шароитларни, шу жумладан қайта тикланувчи энергия манбаларини интеграция қилишни инобатга олган ҳолда мамлакат электр энергетикасини ривожлантириш бўйича қисқа ва узоқ муддатли режаларни ишлаб чиқиш. Ўзбекистон электр энергетикасини ривожлантиришнинг самарали ва асосланган режаларини ишлаб чиқиш учун Plexos, DigSILENT хисоблаш тизимлари ва бошқа шу каби замонавий, халқаро тан олинган услублар ва амалиётлардан фойдаланилади.
- Халқаро ёндошувлар ва стандартларни қўллаган ҳолда лойиҳаолди, техник ва иқтисодий инжиниринг ўрганишлари, лойиҳалар концепцияларини ишлаб чиқиш, базавий ва якуний лойиҳалаштириш, лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, адаптациялаш ва бошқалар.
- Электр энергетикаси соҳаси, шу жумладан, лойиҳалаш, қурилиш ва фойдаланиш бўйича техник маслаҳатлар бериш, лойиҳаларни бошқариш бўйича маслаҳатлар бериш, электр энергетикаси соҳасида янги технологияларни қўллаш масалалари бўйича муҳандислик маслаҳатлари бериш.
- Кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан электр энергетикаси соҳаси бўйича кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда мутахассислар малакасини ошириш бўйича семинарлар, тренинглар ва бошқа тадбирларни ўтказиш.
Халқаро таълим муассасаси
«Ўзэнергоинжиниринг» АЖ ҳамда Energy China International дастлабки инвестиция қиймати 30 млн. АҚШ долларига тенг бўлган Ўзбекистон электр энергетикаси ва янги технологиялар соҳасида халқаро таълим муассасасини ташкил қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишиб олдилар.
Ушбу таълим муассасаси электр энергетикасининг мураккаб вазифаларини еча олиш ва Ўзбекистон электр энергетикасига янги технологияларни жорий қилиш қобилиятига эга бўлган халқаро даражадаги мутахассисларни тайёрлайди. Бунинг учун таълим муассасасига халқаро миқёсдаги профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш, таълим муассасасини замонавий, зарур техникалар билан жиҳозлаш, шунингдек халқаро аккредитация олиш режалаштирилмоқда.
Шарҳлар