Zo’r TV мухбирларини калтаклаган «Кўприкқурилиш» трестининг собиқ ходими 4 йилга шартли ҳукм қилинди

Кадр видео. Фото: Zo’r TV

“Ўзбекистон темир йўллари” компаниясига қарашли «Кўприкқурилиш» трестининг собиқ ишлар бўйича бошқарувчиси Нодир Эшниёзов безориликда айбдор деб топилди.

12 август куни пойтахтда аэропорт олдида қурилаётган йўл ўтказгичнинг бешта тўсини бир вақтнинг ўзида қулаб тушганди. Ўрнатиш пайтида эҳтиётсизлик расман қайд этилган. Мазкур ҳолат юзасидан Транспорт прокуратураси жиноий иш қўзғатди ва уч нафар мансабдор шахсни ҳибсга олди. Зарар 2,7 миллиард сўмга баҳоланган.

Zo’r TV мухбири Нурзодбек Воҳидов ва оператор Сардорбек Йўлдошев 14 август куни тўсинлар қулагани ҳақидаги репортажни суратга олмоқчи бўлганларида калтакланган эди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди Нодир Эшниёзовни Ўзбекистон ЖК 277-моддаси 3-қисми “а, д” бандлари (безорилик такроран ёки хавфли такроран содир этганлик; ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ) билан айбдор деб топди ва даставвал 4 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланди.

Судья Нилуфар Дадабоева 2 йил синов муддати билан шартли жазо ҳақидаги моддани қўллаб, Zo’r TV телерадиокомпанияси фойдасига 23,75 миллион сўм миқдоридаги зарарни ундирди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.